«Ипотека-банк»даги давлат улушининг 75 фоизи ОТP Bank’га сотилди

Сақлаш
19:19 / 12.12.2022 987 0

Ўзбекистоннинг «Ипотека-банк» банкини штаб-квартираси Венгрияда бўлган OTP гуруҳи сотиб олди. Бу ҳақда Молия вазирлиги хабар берди.

 

Ўтган йилнинг сентябрь ойида имзоланган келишув меморандумидан сўнг Тошкент шаҳрида OTP банки номидан «Ипотека-банк» банкини хусусийлаштириш бўйича олди-сотди шартномаси имзоланди. Ҳужжатни OTP Банк Бошқарув раиси ва Бош ижрочи директори Шандор Чани ва Бош директор ўринбосари Ласло Волф, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги номидан Молия вазири Тимур Ишметов, Ўзбекистон Республикаси номидан Бош вазир ўринбосари – Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Хўжаев имзолаган.

 

Қайд этилишича, OTP Банк Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига тегишли 100 фоизлик акцияларни (акцияларнинг умумий пакетининг қарийб 97%) икки босқичда сотиб олади: акцияларнинг 75 фоизи ҳозир, қолган 25 фоизини – биринчи битим молиявий ёпилганидан уч йил ўтгач.

 

«Биринчи битимнинг молиявий ёпилиши 2023 йилнинг биринчи ярмида амалга оширилиши кутилмоқда», дейилади Молия вазирлиги хабарида.

 

Активлар ҳажми бўйича «Ипотека-банк» банки Ўзбекистондаги бешинчи йирик банк бўлиб, бозор улуши 8,5%, чакана мижозлари 1,6 миллиондан ортиқ, минтақавий марказлар вазифасини бажарувчи 39 та филиали, 193 та мижозларга хизмат кўрсатиш шохобчалари ва муҳим корпоратив мижозлари ҳисобланади. Маҳаллий банк секторининг жадал ўсишига мувофиқ, сўнгги уч йил ичида банк активлари кредит портфели бўйича йилига ўртача 20% ва депозит портфели бўйича 24% га ўсган.

 

OTP Гуруҳи Марказий ва Шарқий Европа минтақасидаги етакчи молиявий гуруҳлардан бири бўлиб, ўсиш кўрсаткичлари, ажойиб рентабеллик ва капитал ва ликвидлик бўйича барқарор мавқега эга. 11 мамлакатда 36000 га яқин ходим билан гуруҳ деярли 16 миллион мижозга универсал молиявий хизматларни тақдим этади. Минтақанинг банк секторидаги энг фаол консолидатор сифатида гуруҳ 2000 йилларнинг бошидан бери 23 та банкни сотиб олди ва бирлаштирди. Банк ҳозирда Венгрия, Болгария, Сербия ва Черногорияда бозор етакчиси экани айтилади. OTP Гуруҳи штаб-квартираси Венгрияда жойлашган. Банк гуруҳи Будапешт фонд биржасида 1995 йилдан бери рўйхатга олинган.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//