Илм-фан
Бугун, 6 ноябр куни Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида “Жаҳон илм-фани тараққиётида таржимашуносликнинг аҳамияти” мавзусида халқаро илмий анжуман ўтказилди.
Анжуман доирасида жаҳон таржимашунослиги, улар эришаётган ютуқлардан бохабар бўлиш, шунингдек, миллий ва жаҳон таржимачилиги тадқиқига доир ишларда улардан фойдаланиш, таржимонлар, таржимашуносларни бир мақсад йўлида бирлаштириш, хорижлик ва ўзбек таржимашуносларнинг узлуксиз давом этадиган ўзаро ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш, амалий натижа берадиган самарали ҳамкорликни кучайтириш каби қатор вазифалар муҳокама қилинди.
Конференцияда Германиянинг Фрайбургдаги немис-ўзбек илмий жамияти, Саудия Арабистонининг Амир Султон университети, Суданнинг Бахри университети, Ҳиндистон, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси, Ўзбекистон Миллий университети, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети, Тошкент давлат шарқшунослик университети, Самарқанд давлат университети, Самарқанд давлат чет тиллар институти, Фарғона давлат университети, Тошкент давлат педагогика университети, Қарши давлат университети, Термиз давлат университети ва республикамизнинг бошқа олий ўқув юртларидан таржимашунос олимлар ҳамда профессор-ўқитувчилари онлайн ва оффлайн тарзда иштирок этди.
Тадбирни Таржима назарияси ва амалиёти кафедраси мудири Абдумажид Мамадалиев олиб борди. Ҳорижий ва маҳаллий олимлар бугунги кунда таржимачилик соҳасидаги муаммолар ҳақда сўзлаб ўтдилар. Жумладан, Ўзбекистон Миллий университети Халқаро алоқалар бўйича проректор Раима Ширинова туризмни ривожлантиришда мобил иловаларнинг ўрни ҳақда гапирди. Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети профессори Хуррам Раҳимов немис тилига ўгирилган Навоий ғазаллари тўпламининг яратилиш тарихи ҳақда сўзлаб, китобни олийгоҳга туҳфа қилди.
Zoom платформаси орқали анжуманда иштирок этган Саудия Арабистонидаги Амир Султон университети ўқитувчиси Маҳмуда Сайдумарова ўзбек ҳикояларининг араб тилига таржималари хусусида йиғилганларга мулоҳазаларини билдирди. Ҳиндистонлик олима ва халқаро журналист Нуруссаба Гарг эса таржимачилик тарихи ҳақда қизиқарли маълумотларни улашди.
Анжуман доирасида чоп этилган илмий конференция материаллари жамланган тўплам иштирокчиларга тарқатилди. Тўрт бўлимдан иборат китобга халқаро мутахассислар, профессорлар, филологлар, таржимонлар, адабиётшунослар, докторант ва магистрларнинг жами 60 дан ортиқ илмий мақолалари киритилган. Тўплам таржимашунослик соҳасида тадқиқот олиб бораётган ҳамда шу соҳага қизиқувчи кенг китобхонлар оммасига мўлжалланган. Конференция сўнгида фаол иштирокчиларга сертификат топширилди.
Нодира Иброҳимова, Oyina.uz
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Спорт
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
//
Изоҳ йўқ