100 жилддан иборат "Туркий адабиёт дурдоналари" нашр этилди

Сақлаш
21:45 / 14.11.2022 1611 0

Туркий давлатлар ташкилотининг Самарқандда ўтказилган биринчи саммити арафасида юртимизда ана шу китоблар туркуми босмадан чиқди. Бу ҳақида ЎзА хабар берди.

 

Давлатимиз раҳбари 2019 йил 15 октябр куни Озарбайжоннинг Боку шаҳрида ўтказилган Туркий давлатлар ҳамкорлик кенгашининг навбатдаги саммитида ташкилотга аъзо давлатлар адабиётининг энг сара намуналаридан “Туркий адабиёт дурдоналари” номли 100 жилдлик китоблар тўпламини ҳар бир мамлакатнинг она тилида нашр этиш ташаббусини илгари сурган эди.

 

Ушбу ташаббус асосида илк бор Ўзбекистонда мана шу тўплам тайёрланиб, лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида, она тилимизда чоп этилди.

 

Жамланмага умумтуркий адабиётнинг энг сара намуналари, ўзбек, қорақалпоқ, турк, озарбайжон, қозоқ, қирғиз, туркман ва венгер адабиётининг XI-XXI асрларга мансуб 629 нафар атоқли шоир, адиб ва мутафаккирларининг асарлари киритилган.

 

Китоблар туркуми Маҳмуд Кошғарий, Юсуф Хос Ҳожиб, Аҳмад Югнакий, Аҳмад Яссавий, Сулаймон Боқирғоний ва Носириддин Рабғузий асарларини ўз ичига олган беш жилдлик “Умумтуркий адабиёт намуналари” билан бошланади. 6-33 жилдлар “Ўзбек адабиёти намуналари”дан иборат бўлиб, ундан Алишер Навоий асарларидан замонавий ўзбек шеърияти ва насри намуналаригача ўрин олган.

 

Шунингдек, мажмуанинг 17 жилди турк адабиёти, 16 жилди озарбайжон, 10 жилди қозоқ, 9 жилддан қирғиз ва туркман адабиёти, 5 жилди қорақалпоқ ва 1 жилди венгер адабиёти вакилларининг асарларидан иборат ҳисобланади.

 

– Ушбу адабий ганжина нафақат Марказий Осиё, балки бутун туркий тилли давлатлар орасида илк бор рўёбга чиқарилган йирик адабий лойиҳанинг амалий ифодаси, аниқроқ айтадиган бўлсак, Янги Ўзбекистоннинг янги сиёсий маҳсули, она юртимизда маданият ва санъатга кўрсатилаётган улкан ғамхўрликнинг, халқимизнинг қардош халқлар ва уларнинг сўз санъатига нисбатан юксак ҳурмат-эҳтироми рамзидир, - деб ёзади туркум биринчи жилди сўзбошисида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид.

 

Туркумни тайёрлаш учун 200 нафардан ортиқ таржимон, 100 нафардан кўпроқ адабиётшунос, матншунос олимлар, адиблар, муҳаррир ва рассомлар жалб этилган.

 

 

Асарлар мажмуаси “Ўзбекистон” нашриёти томонидан 200 минг нусхада чоп этилди.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//