Жамшид Хўжаев хорижий инвесторлар нима учун Ўзбекистонни танлаши кераклигини айтди

Сақлаш
17:28 / 10.11.2022 1202 0

Ўзбекистон инвестициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Хўжаев Самарқандда ўтаётган «Ўзбекистон-Венгрия» бизнес-форумида тадбиркор ва инвесторлар нима учун Ўзбекистонни танлаши кераклиги ҳақидаги саволга жавоб берди.

 

Фото: Президент матбуот хизмати

 

Инвестициялар учун Ўзбекистондаги қулай муҳит

 

Инвесторлар ҳуқуқлари қонун билан ҳимояланиши бўйича амалий тизим яратилди. Натижада 2017 йилдан бошлаб ($3,3 млрд.) тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳажми 2,5 баробарга ошди ($8,6 млрд.).

 

Қарийб 8 мингта товар турларига импорт божлари камайтирилди. Бизнесга оид ҳар хил турдаги 70 та лицензия ва 34 та рухсатномалар берилиши бекор қилинди.

 

Шунингдек, янги бизнес субъектларини рўйхатдан ўтказиш тартиби соддалаштирилди. Ер участкалари онлайн савдолар орқали тақдим этилмоқда.

 

Умуман олганда, қулай инвестицион муҳитни барпо этишда норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш бўйича ишлар фаол давом эттирилади.

 

 

Иқтисодиётни барқарор ривожлантириш сиёсати

 

Иқтисодиётимизнинг йиллик ўртача ўсиши – 5 фоизни, саноат соҳалари – 8 фоизни ташкил этмоқда. 2021 йилда бу кўрсаткич 7 фоиздан ортди. Экспорт ҳажмлари 1,5 баробарга ошди.

 

Ўзбекистон — аҳолиси 72 млн. кишилик Марказий Осиё ва 300 млн. кишилик Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги бозорларига чиқиш имкониятига эга.

 

Шу билан бирга, GSP+ кенгайтирилган преференциялар тизими Европа бозорларига 6 мингдан ортиқ маҳаллий маҳсулотлар турларини имтиёзли шартларда экспорт қилиш имкониятини яратди. Шу туфайли Европа мамлакатларига қилинган экспортимиз хажми бу йилнинг ўзида 70 фоизга ошди.

 

 

Малакали ишчи кучи.

 

Ўзбекистон – иқтидорли, ёш ва юқори салоҳиятга эга кадрларга бой.

 

Аҳолимизнинг 60 фоизидан ортиғини 30 ёшгача бўлган ёшлар ташкил этади. Улар билимга интилувчан, турли касб-ҳунарларни ўзлаштиришга иштиёқи баланд ҳамда чет тилларида сўзлашадиган олий маълумотга эга фуқаролар ва ёшлардир.

 

Шуни алоҳида айтиш жоизки, қисқа давр мобайнида мамлакатимизда 82 та янги олий таълим юрти ташкил этилди. Булардан 23 таси – хорижий давлатлардаги етакчи университетларнинг филиалларидир.

 

Қолаверса, мактаб битирувчиларининг олий таълим билан қамров даражаси олдинги 9 фоиздан 28 фоизга етказилди. Келгуси беш йилда эса, бу кўрсаткични 60 фоизга етказиш бўйича аниқ дастуримиз бор.

 

 

Табиий бойликларнинг улкан захиралари

 

Ўзбекистон олтиннинг ресурс базаси бўйича дунёда 2-ўринни, мис бўйича — 7, вольфрам бўйича — 8, кумуш бўйича — 9, уран бўйича — 12-ўринни, табиий газ ишлаб чиқариш бўйича эса — 16-ўринни эгаллайди.

 

Булар нафақат тоғ-кончилик, балки, электротехника, рангли металлургия ва машинасозлик каби соҳаларда янги технологиялар ёрдамида ишлаб чиқарилган маҳсулотларни учинчи мамлакатларга чиқиш учун улкан замин яратади.

 

«Ушбу имкониятлардан тўлиқ фойдаланиш мақсадида икки мамлакатнинг йирик ишлаб чиқарувчи корхоналарини жалб қилган ҳолда саноат кооперацияси дастурини қабул қилишга ва унинг доирасида корхоналар ўртасидаги амалий ҳамкорлик ўрнатишни вақти келди деб аниқ айта оламан», деди Жамшид Хўжаев.

 

Тадбиркорлик субъектлари ишлаб чиқаришлари узлуксизлигини таъминлаш мақсадида барча зарур инфратузилмаларни яратилмоқда

 

Хусусан, жойларда саноат, қишлоқ хўжалиги, фармацевтика ва туризмга ихтисослашган 22 та махсус иқтисодий зоналар барпо этдик.

 

Ушбу зоналар автомобиль йўллари, электр энергия, табиий газ, ичимлик суви ва канализация, интернет тармоғи каби барча муҳандислик коммуникация инфратузилмалари билан таъминланган.

 

Шунингдек, мазкур зоналарда фаолият юритаётган тадбиркорларга 10 йилгача мол-мулк, ер, сув ресурсларидан ва фойда солиқларидан озод қилинади.

 

«Биз ушбу йўналишда минтақадаги энг илғорлардан бўлиш учун бу каби шароитларни такомиллаштиришни ҳамда шу орқали янги инвесторларни кенг жалб қилиш учун янада қулай муҳит барпо этишни давом эттирамиз», деди Ж.Хўжаев.

 

Ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш мақсадида уларга молиявий ёрдам ва субсидиялар тақдим этилмоқда

 

Маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ўз маҳсулотларини экспорт қилишини рағбатлантириш учун транспорт ҳаражатларининг 70 фоизгача қоплаб бериш механизмини яратилган.

 

Шунингдек, инвесторлар билан қўшма лойиҳаларни биргаликда молиялаштириш учун Инвестициялар жамғармасини таъсис этилган.

 

 

Дивесификацияланган транспорт коридорлари салоҳияти

 

Ўзбекистон йирик транспорт йўлаклари кесишувида жойлашган бўлиб, Ғарб билан Шарқ, Шимол билан Жануб мамлакатлари бозорлари ўртасида кўприк вазифасини, муҳим логистика майдони вазифасини ҳам бажара олади.

 

Айнан шу сабабдан, биз Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон ҳамда Мозори-Шариф – Қобул – Пешовар темир йўллари лойиҳаларини илгари сурилмоқда.

 

«Бу лойҳалар стратегик аҳамиятга эга ва биз уларни албатта амалга оширамиз. Улар Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг рақобатбардошлигини оширишда мутлақо янги имкониятларни очиб беради», деди Ўзбекистон инвестициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Хўжаев.

 

Эслатиб ўтамиз, Самарқанд шаҳрида эртага Туркий давлатлар ташкилотининг биринчи саммити ўз ишини бошлайди. Бугун Туркий давлатлар ташкилотига аъзо ва кузатувчи мамлакатлари ташқи ишлар вазирлари учрашуви ўтказилмоқда.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//