Иқтисод
Марказий банк асосий ставкани йиллик 15 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдирди. Бу ҳақда Маказий банк хабар берди.
"Йил охиригача ташқи иқтисодий муҳитдаги ноаниқликлар, глобал инфляцион жараёнлар, юқори ички иқтисодий фаоллик ва мавсумийликнинг истеъмол нархларига оширувчи таъсири билан боғлиқ инфляцион хатарлар сақланиб қолинмоқда. Мазкур хатарларни инобатга олиб, асосий ставкани йиллик 15 фоиз даражасида сақлаб қолиш бўйича қарор қабул қилинди", - дейилади хабарда.
Таъкидланишича, юқори ноаниқликлар шароитида йил якуни бўйича инфляция даражаси 12-12,5 фоиз атрофида шаклланиши ҳамда 2023 йил учун эса базавий сценарий доирасида 8,5-9,5 фоизгача пасайиши прогноз қилинмоқда.
Қайд этилишича, жаҳон бозорларида асосий озиқ-овқат маҳсулотлари, хомашёлар ва энергия ресурслари нархининг ортиши фонида жорий йилнинг учинчи чорагида ҳам глобал инфляция ўсишда давом этмоқда.
Инфляцион жараёнларни жиловлаш мақсадида аксарият марказий банклар томонидан пул-кредит шароитларининг қатъийлаштирилиши ва мос равишда молиявий ресурслар нархининг қимматлашиб бориши кузатилмоқда. Хусусан, АҚШ Федерал захира банки томонидан пул-кредит шароитларининг қатъийлаштирилиши ҳисобига дунёнинг аксарият валюталари АҚШ долларига нисбатан қадрсизланиб бормоқда.
Бу эса, истеъмолда импорт улуши юқори бўлган ва инфляцион кутилмалари валюта курсига таъсирчан давлатларда инфляцион жараёнларнинг янада тезлашишига олиб келмоқда.
Ташқи вазият ва савдо ҳамкорлардаги ўзгаришларга ташқи иқтисодий муносабатларнинг мослашиб бориши ҳисобига мамлакатимизга валюта оқимлари ҳажмида ижобий тенденциялар кузатилмоқда.
Жумладан, жорий йилнинг ўтган 9 ойида олтинсиз экспорт ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 23,6 фоизга ортиб – 11,1 млрд. долларни, мамлакатимизга пул ўтказмалари ҳажми 2,2 баробарга ортиб – 12,6 млрд долларни, аҳолининг банклардан валюта хариди ва сотуви ўртасидаги ижобий тафовут – 2,5 млрд. долларни ташкил этди.
Ташқи ва ички иқтисодий шароитлар таъсирида юзага келадиган инфляцион омиллар ва хатарлар синчковлик билан ўрганилиб, уларни бартараф этиш бўйича тегишли чоралар кўриб борилади, дейилади хабарда.
Маълумот учун, асосий ставкани кўриб чиқиш бўйича Марказий банк бошқарувининг навбатдаги йиғилиши 2022 йил 15 декабрь кунига белгиланган.
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Спорт
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
//
Изоҳ йўқ