Шифокор антибиотиклардан ўзбошимчалик билан фойдаланиш аллергик реакция ва ўлим ҳолатига сабаб бўлиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди

Сақлаш
15:05 / 03.11.2021 868 0

Маълумотларга қараганда, ҳозирда антибиотикларни нотўғри қўллаш натижасида дунёда йилига 700 минг киши вафот этади. Бу коронавирусдан вафот этаётганлардан кам кўрсаткич эмас. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълум қилишича, антибиотиклардан фойдаланиш тартибга олинмаса, 2050 йилга бориб йилига 10 миллионга яқин одам вафот этиши мумкин.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги бошқарма бошлиғи Муҳаббат Ибрагимова антибиотикларни рецептсиз ва тартибсиз қабул қилиш организмда чиндан ҳам антибиотикка зарурат туғилганда у таъсир қилмай қолишига олиб келишини таъкидлайди.

— Бунинг сабаби организмда антибиотикка нисбатан чидамлилик пайдо бўлган бўлади, — дейди Муҳаббат Ибрагимова. — ЖССТ томонидан антибиотикларга нисбатан чидамлилик ва мультичидамлилик атамалари қўлланилади. Чидамлилик фақат бир антибиотикка нисбатан пайдо бўлса, мультичидамлиликда беморга ҳеч қандай антибиотик таъсир қилмай қолади. Бунинг оқибатлари жуда ёмон.

Коронавирус дастлаб тарқала бошлаган пайтда одамлар уни шамоллаш деб ўйлаб, антибиотикларни шифокор ретцептисиз ҳам қабул қила бошлаган эди.

Ўша кунлардан бери коронавирусга чалинганда антибиотик касалликка таъсир қилмаслиги ҳақида бот-бот таъкидлаб келмоқдамиз. Чунки унинг сабабчиси бактерия эмас, вирус бўлади. Беморнинг аҳволи оғирлашиб, иммунитет кучсизланади.  

Бу таъкидлар бугун ҳам долзарблигини йўқотмаганини кўриб турибмиз.

Антибиотиклардан пала-партиш, айниқса, уй шароитида ўзбошимчалик билан фойдаланиш тананинг бошқа аъзолари фаолиятига ҳам салбий таъсир этади.

Жумладан, инсонда жигар ва буйрак етишмовчилиги бўлса, ушбу воситадан ўзбошимчалик билан фойдаланиш оқибатида  анафилактик шок, яъни аллергик реакция бўлиб, ўлим ҳолатига сабаб бўлиш хавфи бор.

Мутахассиснинг фикрича, шу боисдан антибиотикларни фақат ва фақат шифокор тавсияси билангина олиш лозим. Акс ҳолда, касалликдан даволанаман, деб ўзингиз ва яқинларингиз саломатлигига жиддий зарар етказиб қўйишингиз мумкин.

Эслатиб ўтамиз, интернет тармоғида Ангрен шаҳрида 11 ёшли бемор қизга уй шароитида тиббий кўрсатмасиз “Цефтриаксон” антибиотигини инъекция қилинганлиги ҳақида хабарлар тарқалган эди. Жорий йилнинг 20 октябрида бемор дори воситасидан келиб чиққан аллергик реакция ва анафилактик шок туфайли вафот этгани хабар қилган эдик, деб ёзади ССВ Матбуот хизмати ўз хабарида.

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//