Илм-фан
Хабарингиз бор, Ўзбекистонда “InnoWeek.Uz-2022" халқаро инновацион ғоялар ҳафталиги бўлиб ўтди. Хўш, унда қандай лойиҳалар иштирок этди? Ўзбекистонда ёшлар томонидан қандай инновациялар яратилмоқда? Шу каби саволларга oyina.uz жавоб излади ҳамда ҳафталикдаги инновацияларнинг ТОП 5 лигини тузди.
1. Аватар робот
Бу бир нечта униқерситет талабалари жамоаси томонидан яратилган баҳайбат роботдир. Жамоа аъзоси Хушнуд Меҳмоновнинг қайд этишича, роботни 20-22 яшар йигитлар яратган. Аввал бошида робот прототипини тиклаш учун ҳам маблағлари бўлмаган. Уларга бу ишда устозлари кўмак берган.
– Биз бу роботни «Аватар» кинофильмидан илҳомланиб яратдик. Сиз кўриб турган робот ҳозирча прототип. Унга устозларимиз ҳомийлик қилди. Кейинчалик инвесторлар топилса, ишлаб чиқаришни йўлга қўймоқчимиз.
Ундан ҳарбий соҳада, шунингдек, қурилишда оғир юкларни кўтаришда фойдаланса бўлади. Ҳозирча қўлини қимирлата олади. Кейинчалик оёғини ҳам ишга туширишни режалаштирганмиз. Роботнинг ичига одам кириб, уни бошқаради, – дейди у.
2. Ўтда ёнмас лойиҳалар
Тўғри, бу каби маҳсулотлар дунёда аллақачон одатий қурилиш материаллари ҳисобланади. Аммо Ўзбекистонга ўтда ёнмас, сув шиммайдиган ёғоч фойдаланиш учун энди кириб келмоқда. Ишлаб чиқариш эса йил сўнгига қадар йўлга қўйилади. Энг асосийси, лойиҳа аъзосига кўра, маҳсулот хориждан келтирилаётган альтернативларига нисбатан анчагина арзон бўлиши кутилмоқда.
– Маҳсулотимизни номи WPS деб номланади. Буни ишлаб чиқариш учун Кореяни «CelleFAB» компанияси билан ҳамкорликда Тошкент вилояти Келес туманида завод қурилди. Маҳсулотнинг сотуви келгуси йилнинг бошига қадар йўлга қўйилади.
Унинг афзаллиги шундаки, ўтда ёнмайди, сув шимиб олмайди. Шу сабабли ҳам маҳсулотимиз бассейнларда, биноларнинг ташқи фасадида, эшиклар ясашда ишлатилмоқда.
Композицион материалимизда ғўзапоя ва полимер аралашмасидан фойдаланилади. Шу сабабли ҳам нисбатан ҳамёнбоп бўлиши кутилмоқда. Бизда уйнинг ички деворларида фойдаланиладиган материаллар ҳам мавжуд, – деди лаборант Садриддин Жамолиддинов.
Ҳафталикда ўтда ёнмас гилам ҳам намойиш этилди. Аллақачон уни ишлаб чиқариш йўлга қўйилган ва хорижда ўз харидорларига эга.
– Лойиҳа доирасида Хитой ва Туркиядан келтирилган мураккаб комбинацияли полиамид гранулаларидан ўтга чидамли, инновацион гиламлар тўқилмоқда. Корхона мазкур гиламдан йилига 5 миллион квадрат метр ишлаб чиқариб, Европага ва МДҲ давлатларига экспорт қилмоқда. Асосий харидорлар меҳмонхоналар, боғчалар, йирик хизмат кўрсатиш марказларидир. Йилига ўртача 20 миллион долларлик маҳсулот сотилмоқда, – деди "Ургут" эркин иқтисодий зонасининг инвесторлар билан ишлаш бўлими бошлиғи Миржаҳон Язданов.
3. Янги «асфальт»
Пластмасса ва пакет чиқиндисидан «асфальт» ишлаб чиқариш режалаштирилмоқда. Ушбу лойиҳа Янги Ўзбекистон университети 1-курс талабаларига тегишли.
– Бу лойиҳани амалга ошириб, Ўзбекистондаги барча пластик ва пакет чиқиндиларни қайта ишлаб, ундан ер қопламалари учун материал ишлаб чиқармоқчимиз.
Ҳисоб-китобларга кўра, 2030 йилга қадар Ўзбекистонда ушбу турдаги чиқиндилар миқдори ҳозиргидан 4 баробарга ошиши кутилмоқда. Лойиҳа йўлга қўйилса, юртимиз экологияси ва иқтисодиётига катта фойда келтиради, – деди Султонбек Назарбеков.
Талабаларнинг алоҳида қайд этишича, мазкур материал оддий асфальтдан 5 баробар мустаҳкам бўлади.
4. Қўй жуни ва товуқ патидан ем
Ҳа, тўғри тушундингиз. Энди қўй ва товуқдан чиқадиган жун ва патлар ҳам чиқиндига ташлаб юборилмайди. Аксинча, озуқа ўрнида фойдаланилади. Энг қизиғи, бунга қадар турли давлатларда ушбу лойиҳани амалга оширишга уриниб кўрилган. Аммо ёқимсиз ҳид сабаб емга айлантира олишмаган. Аммо бу ишни қашқадарёлик тадбиркор уддалади.
– Биз пиширилган ем ишлаб чиқариш билан шуғулланмоқдамиз. Сувга солса шишиб, катталашади. Натижада 30 фоизга натижадорлиги ошади.
Ҳисоблаб кўрганимизда бир йилда Ўзбекистонда 20 минг тонна қўй жуни ва товуқ пати ташлаб юборилиши маълум бўлди. Биз уларни юқори протоинли емга айлантириш технологиясини яратдик, – дейди корхона раҳбари Баҳодир Сафаров.
5. Хонани иситадиган сурат
Халқаро ҳафталикда намойиш этилган ушбу инновация ҳам кўпчиликни қизиқтирибди қўйди. Суратда бетакрор куз манзараси акс этган бўлиб, уйни 20 даражагача иситиши мумкин. Келгусида ишлаб чиқариш йўлга қўйилса, харидорлар ўзлари истаган суратни буюртма асосида иситишга мослаштириши режалаштирилмоқда.
Шаҳноза ТЎРАМУРОДОВА
Oyina.uz
Жамият
Жамият
Жаҳон
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
//
Изоҳ йўқ