Тошкентда фельдшер аёл калтакланди

Сақлаш
17:34 / 13.10.2022 1048 0

Тошкентнинг Яккасарой туманидаги хонадонлардан бирида ўз хизмат вазифасини ўтаётган тез ёрдамда ишловчи фельдшер аёл калтакланди. Бу ҳақда ССВ матбуот хизмати хабар бермоқда.

 

Маълум қилинишича, 12 октябрь куни соат 16:27 да Яккасарой туманининг Бобур кўчасида жойлашган хонадонларнинг биридан тез тиббий ёрдам хизматига чақириқ келиб тушган. Шундан сўнг шифокор Б.М. ва фельдшер аёл Ж.И.дан таркиб топган «103» бригадаси чақириқ манзилига етиб бориб, бемор Б.Ж.га тиббий ёрдам кўрсатган.

 

Бироқ аҳволи ўта оғир бўлгани сабабли Б.Ж.ни зудлик билан шифохонага олиб кетишга қарор қилинган. Беморни транспортировка қилиш чоғида унинг ўғли асосли сабаб бўлмаса-да, тиббий бригада ходимлари билан тортишиб, қўл кўтариш даражасигача борган.

 

Оқибатда фельдшер Ж.И. кўкрак қафасига зарба олган ва аҳволи ёмонлашган. Шунга қарамай, тиббий бригада ўз хизмат бурчига масъулият билан ёндашиб, чақириқни якунлаган, яъни беморни Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг қабул бўлимига олиб борган.

 

Шундан сўнг «103» фельдшери Ж.И. мазкур шифохонанинг хирургия бўлими шок залига кўкрак қафасининг ёпиқ жароҳати ташхиси билан ётқизилган. Ҳозир фельдшер Ж.И. мазкур бўлимнинг интенсив палатасида тегишли даво муолажаларини олмоқда. Аҳволи ўрта оғирликда.

 

Соғлиқни сақлаш вазирлиги мазкур ҳолатни ўз назоратига олганини, вазиятга қонун доирасида ҳуқуқий баҳо берилиши учун барча зарур чораларни кўришини билдирди.

 

Айни пайтда содир этилган ҳолат юзасидан ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан терговолди суруштирув ишлари олиб борилмоқда.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//