Сенат ногиронлиги бўлган шахслар ижтимоий ҳимоясини кучайтиришни назарда тутувчи қонунни маъқуллади

Сақлаш
21:00 / 07.10.2022 766 0

Янги қонун қабул қилинса, 2023 йил 1 январдан (1994–2022 йилларда иш стажига эга бўлган) 75 минг нафар I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларнинг пенсияларига ўртача 300 минг сўм қўшилади.

 

Oлий Мажлис Сенатининг ўттиз учинчи ялпи мажлисида “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Қонунига пенсия тайинлаш тартибини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун муҳокама қилинди.

 

Амалдаги қонунчиликка мувофиқ, I ва II гуруҳ ногиронлик пенсияси тайинлангандан кейинги иш вақти ёшга доир ёки боқувчисини йўқотганлик пенсияси тайинланаётганида стажга қўшиб ҳисобланади. Бунда, ногиронлик пенсияси олаётган фуқаро пенсия ёшига етганда ёки боқувчисини йўқотганда ногиронлик пенсиясини олишни давом эттирса, (бошқа пенсия турига ўтмаса) I ва II гуруҳ ногиронлик пенсияси тайинлангандан кейинги иш вақти қайта ҳисобланмайди.

 

Янги қонунга мувофиқ, 2023 йил 1 январдан бошлаб I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларнинг пенсия тайинланганидан кейинги камида 1 йиллик иш стажи ва иш ҳақи миқдоридан келиб чиқиб ҳар 2 йилда бир маротаба тайинланган пенсия қайта ҳисобланади ҳамда пенсия миқдорига қўшиб борилади.

 

Қонун қабул қилинса, 2023 йилда (1994–2022 йилларда иш стажига эга бўлган) 75 минг нафар I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларнинг пенсияларига ўртача 300 минг сўм қўшилади. Келгусида меҳнат фаолиятини олиб борганларнинг (бугунги кунда I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларнинг 43 минг нафари расман банд) пенсияси ҳар 2 йилда бир маротаба иш стажи ва ойлик иш ҳақидан келиб чиқиб, қайта ҳисоблаб борилади.

 

Шунингдек, пенсия олиш ҳуқуқи белгиланган ўгай фарзандини 18 ёшгача камида 5 йил тарбиялаган ота-оналарнинг болани тарбиялаган даврини аниқлаш тартиби, Ўзбекистон Республикаси олдида алоҳида хизматлари бўлган шахсларнинг пенсияларига пенсияни ҳисоблаш базавий миқдорининг 100 фоизидан 150 фоизгача миқдорида устамалар тўлаш тартиби белгиланиши кўзда тутилмоқда.

 

Қонун Сенаторлар томонидан маъқулланди. 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//