Жамият
Ижтимоий тармоқда мурғак, бегуноҳ, катталарнинг ҳимоясига бутун борлиғи билан муҳтож болажонлардан яна бирининг фожиали ўлими сабаби ёритилди: “2022 йил 25 сентябр куни Ургут тумани Этакбешкапа маҳалласидаги тўйхонага отаси билан келган тўрт ёшли болакай йўқолиб қолган. Воқеадан бир неча кун ўтиб, бола айнан тўйхона ҳовлисидаги қудуқдан топилган”.
“Яна” дейишим сабабини кўпчилик англаб турибди, чунки сўнгги уч ойда бешта МТТда турли сабаблар билан болалар ўлими қайд этилди: Фарғонада 4 ёшли бола сувга чўкиб, Шаҳрисабзда 8 ёшли қизалоқ баданига шиша синиқлари кириши туфайли кўп қон йўқотиб, Наманганда 5 ёшли бола тилини чайнаб ҳаётдан кўз юмди...
Бу қайғули хабарларнинг ҳар бирини ўқиганда бир қатор қариндош, қўшни, қадрдон бувижонлар, онажонимнинг гап-сўзлари, ўгитлари, талаблари, жонкуярликлари “лоп” этиб кўзимдан, кўнглимдан ўтди. Онам ёш болани тўйга, кўпчилик тўпланадиган маросимларга, бозорга олиб боришга ҳеч рухсат бермасдилар. “Бу гўдак ҳали тўйни биладими? Унинг қорнини вақтида тўйдириб, вақтида ухлатиш керак. Бозорда болани қийнаб нима қиласан?”дердилар ёш оналарга.
Қўшнимиз Зебихон буви доим невараларини қўриқлаб юришидан баъзилар кулишарди: “Бошқа ишингиз йўқми?”. “Боламдан ҳам зарилроқ иш борми?” – ўрнида жавоб қайтарардилар буви. Ён қўшнимиз, бир этак фарзанднинг онаси Муаззамхон кеннойи баъзи-баъзида эри уйда бўлган куни фақат оналарини бирров кўриб келардилар, холос. Меҳмондорчиликка, турли йиғинларга таклиф қилганларга: “Раҳмат. Болалар ёш, ташлаб кетишим қийинроқ-да”, деб узрларини айтардилар.
Раҳматли бу аёлларнинг барчасидан ота-онасига раҳмат келтирган ўғил-қизлар қолди. Эслаганим бу муҳтарама инсонлар боласевар, болапарвар, жаннат гуллари бўлган фарзандлар Аллоҳнинг ўзларига топширилган омонати эканини англаб, оналик масъулиятига сидқу садоқат билан яшаган момолар, момокалонларимизнинг меросхўрлари, вакиллари.
“Фарзанд доғи ота-онанинг суягида, жонида кетади”, дейди кексалар. Ғунчалигида умри қирқилган болажонларнинг ўлимига сабаб воқеалар тегишли идоралар ходимлари томонидан ўрганилади, айбдорлар жазо олади, лекин... кўрилган чораларнинг бирортаси жигарбандидан бефавқт жудо бўлган ота ва, айниқса, онанинг кўксидаги ўтни ўчира оладими, алам ва аччиқ дардига малҳам бўлдими? Йўқ! Мана шу ҳақиқатни бошимизга бир мусибат тушгандан кейин эмас, ҳар куни, ҳар қандай вазиятда эътироф этиб, ҳушёр тортмасак бўлмайди.
Ана шундагина она боланинг тақдирини болага, ўзининг ташвиши бошидан ортиб ётган қариндошу қўшнига, синаб-синалмаган одамларга топширмайди; шундагина она бетоб боласини (ўзи билиб-билмаган дорини ичириб қўйиб) боғча опага ташлаб кетмайди; шундагина она болани ҳар хил назарларга нишон қилиб, санитария-гигиена талабаларига жавоб бермайдиган жойларда олиб юрмайди.
Гап-гаштаклар, ижтимоий тармоқлардаги баҳсу шакаргуфторликлар, ҳар хил кўнгилочар давралардан кўра дилбандининг юз-кўзларига хотиржам назар солиб ўтиришни, куч-қуввати ва меҳрининг қаймоғини боласига беришни афзал кўради. Бола билан бирга улғаяди, чин муҳаббату ихлос билан дунёга ва ўзига муҳаббатли бола дунёсини улғайтиради.
Кимлар қўшилар, кимлар қўшилмас, лекин ҳар доим такрорлагим, таъкидлагим келади: боланинг тақдири, ҳаёти қандай кечишига биринчи навбатда ота-онаси сабабчи бўлади.
Муҳтарама УЛУҒОВА
Жамият
Жамият
Жамият
Спорт
Жамият
Маданият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
//
Изоҳ йўқ