Ўзбекистонда сут нархи кескин ошгани норозиликларга сабаб бўлмоқда

Сақлаш
21:50 / 05.10.2022 933 0

Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари томонидан умумий савдо дўконларида сутнинг нархи кескин ошгани, маҳсулот танқислашгани, сут ва сут маҳсулотларининг аксарият жойларда сотувда йўқлиги айтилмоқда.

 

Ижтимоий тармоқларда сут нархи ошиши ва расталардан йўқолиб қолишининг асосий сабаби сифатида қадоқлашда фойдаланиладиган маҳсулот – Тетра Пакнинг Россия бозорларидан кетгани деб қаралмоқда.

 

 

Facebook' дан скриншот

 

Oyina.uz мухбири сут ва сут маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи йирик корхоналар билан боғланганда улар ҳақиқатдан маҳсулот нархи ошаётганини тасдиқлади.

 

“Evro Ekfin” МЧЖ (Раш-Милк савдо белгиси) вакили:

 

Компаниямизда ҳам сут нархи деярли 10 фоизга оширилгани рост. Бунинг сабаби, сигирни боқиш учун ем, пичан қимматлашгани билан боғлиқ деса ҳам бўлади. Қолаверса, қадоқлашда фойдаланиладиган зарур воситаларнинг чет элдан олиб келиниши қийинлашгани ҳам сутнинг нархи қимматлашишига таъсир қилди.

 

“Milk House” МЧЖ вакили:

 

Ҳақиқатда сут нархи оширилди. Бунинг сабаблари кўп. Умуман, сут истеъмолининг ўзи ҳам маълум миқдорда ошди, одамлар саломатликка эътибор қаратишди, бунинг учун сут истеъмолига жиддийроқ аҳамият бера бошлашди. Қолаверса, мавсумий фактор ҳам бор.

 

“EXCLUSIVE MILK INVEST” МЧЖ вакили:

 

Биз ҳам бугун деярли 25-30 фоиз қиммат нархда сотиб олдик. Бошқа иложимиз ҳам йўқ. Нарх-наво кундан кунга ошиб борябди. Биргина сут нархи эмас, бошқа маҳсулотларнинг қимматлашгани ҳам бунга мисолдир.

 

“Pure Milky” МЧЖ вакили: 
 

Сут ва сут маҳсулотларимизнинг қимматлашганига сабаб сигирларни боқиш учун керак бўладиган емнинг мавсум алмашуви натижасида қимматлашгани, қолаверса қадоқлашда ишлатиладиган маҳсулотларнинг ҳам танқислашгани билан боғлиқ.

 

Шунингдек, Статистика қўмитаси ахборот хизматининг берган маълумотига кўра, Ўзбекистонда cентябрь ойида августга қараганда сутнинг нархи 2,2 фоизга ошганлиги кузатилган.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//