Иқтисод
«Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги қонуннинг 28-моддасига кўра ариза ёки шикоят масалани мазмунан ҳал этиши шарт бўлган давлат органига, ташкилотга ёки уларнинг мансабдор шахсига келиб тушган кундан эътиборан ўн беш кун ичида, қўшимча ўрганиш ва (ёки) текшириш, қўшимча ҳужжатларни сўраб олиш талаб этилганда эса, бир ойгача бўлган муддатда кўриб чиқилади.
Шунингдек, мазкур қонуннинг 6-моддасига асосан жисмоний шахснинг мурожаатида унинг фамилияси (исми, отасининг исми), унинг яшаш жойи тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилган бўлиши керак ҳамда мурожаат этувчиларнинг вакиллари орқали берилган мурожаатларга уларнинг ваколатларини тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилинади.
Таъкидлаш лозимки, фуқаролар мурожаатларини сифатли ва тўлиқ ўрганиб чиқишда мурожаатда келтирилган важлар батафсил таҳлил этилади ҳамда мурожаат қилувчи ва фаолияти бўйича мурожаат тушган кредит ташкилотининг фикр ва мулоҳазалари эшитилади. Шунга кўра, мурожаатларни ўрганиб чиқиш ва уни ҳал этиш айрим вақтларда зарурий муддат талаб этиши мумкин.
Бунда банк хизматлари кўрсатилиши борасидаги мурожаатларни ўрганиш натижалари бўйича маълумотлар, агар унда банк сирига ёки шахсга доир маълумотлар мавжуд бўлса, Ўзбекистон Республикасининг «Банк сири тўғрисида»ги ва «Шахсга доир маълумотлар тўғрисида»ги қонунларига мувофиқ учинчи шахсларга ошкор этмаган ҳолда мурожаатчининг шахсан ўзига етказилади.
Шу билан бирга, Марказий банк томонидан ижтимоий тармоқлардаги банк хизматлари истеъмолчиларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари бузилишига оид хабарлар мунтазам равишда мониторинг қилиниб, уларда кўтарилаётган масалаларни ҳал этилиши бўйича зарурий чоралар кўриб борилмоқда.
Хусусан, жорий йилнинг июль-сентябрь ойларида карта ҳисобварағидан пул маблағи ечилган бўлса-да, банкомат нақд пул бермаганлиги, нафақа пулини банк картаси орқали олиш бўйича муаммога дуч келинаётганлиги, мобил илова орқали ўтказилган пул маблағи олувчиларнинг карта ҳисоб рақамига тушмаганлиги, кредит тўловлари тўлиқ тўланган бўлса-да, карта ҳисобварағидан кредит учун тўлов ечилганлиги, банк ходимлари томонидан фуқаро учун нотаниш бўлган кредит бўйича кафил эканлиги тўғрисида қўнғироқлар бўлаётганлиги, банкнинг мобил иловаси орқали конвертация қилинган ҳамда бошқа картага ўтказилган маблағ кўринмаётганлиги, кредитни муддатидан олдин сўндиргани учун кешбек тақдим этилмаётганлиги каби ҳолатлар юзасидан ижтимоий тармоқларда хабарлар жойлаштирилган.
Мазкур ҳолатлардан келиб чиқиб, Анорбанк, Даврбанк, Универсалбанк, Ҳамкорбанк, Тенге банк, Халқ банки, Ипак йўли банки, Инфинбанк, Туронбанк, Қишлоқ қурилиш банк, Миллий банк, Капиталбанк, Саноатқурилишбанк, Алоқабанк, Азия Альянс банкларига хабарлардаги банк фаолияти билан боғлиқ масалаларни ўрганиб чиқиш ва зарурий чораларни кўриш юзасидан 31 та кўрсатма хатлар юборилди.
Ушбу кўрсатмаларга асосан тижорат банклари томонидан хабарлар ўрганиб чиқилди ва аниқланган камчиликлар бартараф этилиб, бу ҳақида ўрнатилган тартибда истеъмолчиларга хабар берилди, шунингдек, айрим банклар томонидан бу тўғрисида ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифалари ва сайтлари орқали истеъмолчиларга тегишли тушунтиришлар берилди.
Марказий банк томонидан ижтимоий тармоқларда эълон қилинган банк хизматлари истеъмолчиларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари бузилиши билан боғлиқ бўлган ҳолатлар юзасидан қонунда белгиланган муддатларда тегишли чораларни кўриш давом эттирилади.
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Спорт
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
//
Изоҳ йўқ