Собиқ «Уммон»чи Зоҳид Рисқиев автоҳалокатга учради

Сақлаш
14:28 / 30.09.2022 675 0

Юнусобод туманидаги Mega Planet савдо маркази олдида машҳур қўшиқчи Зоҳид Рисқиев бошқарувидаги BMW ЙТҲга учради. У ва икки ҳамроҳи шифохонага ётқизилган, яна бир киши воқеа жойида вафот этган.

 

Тошкент шаҳри Юнусобод туманида жойлашган Mega Planet савдо маркази яқинида BMW  катта тезликда бошқарувни йўқотиб, ЙТҲга учради. Рулда қўшиқчи Зоҳид Рисқиев (собиқ «Уммон» гуруҳи солисти) бўлган.

 

Тошкент шаҳар ИИББнинг ушбу ҳодиса юзасидан хабар берди. Унда айтилишича, 29 сентябр куни тахминан соат 23:00 ларда BMW русумли (давлат рақам белгиси 01 H806HA) транспорт воситаси ҳайдовчиси бошқарувни йўқотиши оқибатида автоҳалокат содир бўлган. Натижада бир киши ҳалок бўлган.

 

Хабарга кўра, 1990 йилда туғилган З.Р. ўз бошқарувидаги BMW русумли транспорт воситасида Аҳмад Дониш кўчасидан Янгишаҳар кўчасига қараб ҳаракатланаётганда рул бошқарувини йўқотиб, йўл транспорт ҳодисасини содир этган. Натижада, унинг ўзи ҳамда йўловчилар - 1995 йилда туғилган Ж.И. ва 1996 йилда туғилган Ж.Й. касалхонага ётқизилган. 1994 йилда туғилган Х.С. воқеа жойида вафот этган.

 

Қўшиқчининг ҳолати ҳақида аниқ маълумот йўқ, айрим хабарларга кўра у жонлантириш бўлимида қолмоқда.

 

Ҳозирда ҳодиса юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ Тергов бошқармаси томонидан ЖКнинг 266-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

 

Ижтимоий тармоқларда BMW ҳайдовчиси З.Р. собиқ «Уммон» гуруҳи солисти Зоҳид Рисқиев экани ҳақида хабарлар тарқалганди. Унинг турмуш ўртоғи, хонанда Камола Ортиқова бу маълумотни тасдиқлаган. У Instagram саҳифасида ушбу маълумотларни жойлади ва халқдан турмуш ўртоғини дуо қилишларини сўради.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//