Ўзбекистон Глобал инновацион индекс рейтингида 4 поғона кўтарилди

Сақлаш
21:26 / 29.09.2022 1100 0

29 сентябрь куни  2022 йил учун  Халқаро Глобал инновацион индекс рейтинги натижалари эълон қилинди. Ўзбекистон Глобал инновацион индекс рейтингида ўтган йилгидан 4 поғона юқорилаб, 132 давлат орасида 82-ўринни эгаллади. Бу ҳақида Республика
Инновацион ривожланиш вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

 

Маълум қилинишича, Швейцария – 1, Корея – 6 (▼1), Хитой – 11 (▲1), Россия – 47 (▼2), Беларусь – 77 (▼15), Арманистон – 80 (▼11), Қозоғистон – 83 (▼4), Озарбайжон – 93 (▼13), Қирғизистон – 94 (▲4), Тожикистон – 104-ўринни (▼1) эгаллаган.

 

 

Бу йилги ҳисобот “Инновацион ривожланишнинг келажаги”га бағишланган бўлиб, у инновацияларнинг келгуси ўн йилликда меҳнат унумдорлиги ва жамиятнинг фаровонлигига таъсирини баҳолайди.

 

Ўзбекистон 2015 йилда 141 та давлат орасидан 122-ўринни, узоқ танаффусдан кейин, 2020 йилда 131 та давлат орасида 29 поғонага юқорилаб, 93-ўрин билан ушбу рейтингга қайтган эди.

 

Жорий йилда эса, бу рейтингда умумий 4 поғонага кўтарилиб, “инновацияларни жорий этиш учун мавжуд ресурслар ва шароитлар” (Innovation Input – Кириш индекси) бўйича 7 поғона кўтарилгани – 68-ўрин, “инновацияларни жорий этишда эришилган амалий натижалар” (Innovation output – Чиқиш индекси) бўйича 9 поғонага юқорилагани – 91-ўрин қайд этилмоқда.

 

Индексда мамлакатлар 4 та даромад гуруҳига бўлинган (юқори даромад, юқори ўрта даромад, қуйи даромад ва паст даромад), Ўзбекистон ўз гуруҳида (қуйи ўрта даромад) 36 та давлат ичида 10-ўринни эгаллайди.

 

Шунингдек, мамлакатимиз Марказий ва Жанубий Осиё мамалакатлари орасида Хиндистон ва Эрондан кейин 3-ўринни эгаллади.

 

Марказий ва Жанубий Осиё мамалакатлари орасида Ўзбекистон институтлар, инсон капитали ва тадқиқотлар, инфратузилма ва ички бозорнинг ривожланиш даражаси йўналишларида етакчи ўринларни эгаллаган.

 

Рейтинг маълумотларига кўра, Ўзбекистоннинг дунё миқёсида кучли кўрсаткичлари: “Илм-фан ва муҳандислик соҳасида битирувчилар сони” – 6-ўрин, “Капитални ялпи тарзда тўплаш” – 6-ўрин, “Меҳнат унумдорлигини ўсиши” – 7-ўрин, “Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш сиёсати” – 22-ўрин, “Кластерларнинг ривожланганлиги” – 27-ўрин.

 

Шунингдек, “Олий маълумотли аёлларнинг иш билан таъминланганлиги” кўрсаткичи бўйича мамлакатимиз илк бор 56-ўринни эгаллади.

 

Глобал инновацион индекс (The Global Innovation Index) – АҚШнинг Корнел университети, Франциянинг Insead бизнес мактаби ва Бутунжаҳон интеллектуал мулк ташкилоти билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган давлатларнинг инновацион ривожланиши даражасини баҳоловчи тадқиқотдир.

 

Республикада инновацион ривожланишни жадаллаштириш, иқтисодиётнинг барча тармоқларида инновациялар ва технологияларни кенг татбиқ қилиш, инсон капиталини, илм-фан ва инновация соҳаларини ривожлантириш мақсадида 2022–2026 йилларда Ўзбекистон Республикасининг инновацион ривожланиш стратегияси қабул қилинган. Бунда 2026 йилга келиб мамлакатимиз Глобал инновацион индекс рейтинги бўйича жаҳоннинг 56 та илғор мамлакати қаторига киришига эришишни бош мақсад қилиб берилган.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//