Сенат Ўзбекистонда гўдаклар ўлими кўпайганини маълум қилди

Сақлаш
15:22 / 29.09.2022 566 0

Олий Мажлис Сенати Кенгаши мажлисида Репродуктив саломатликни сақлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳолатини ўрганиш масаласи муҳокама қилинди, дея хабар бермоқда Сенат Ахборот хизмати.

 

Унда оналик ва болаликнинг муҳофазаси, репродуктив ёшдаги аёллар ва болаларга кўрсатилаётган тиббий ёрдам ҳолати, соҳадаги мавжуд муаммолар ҳамда уларни бартараф этиш борасидаги таклифлар кўриб чиқилган.

 

Қайд этилишича, Ўзбекистонда 2021 йилда гўдаклар ўлими 7 214 тани ташкил этган бўлиб, 2020 йилга нисбатан 160 тага (7054/7214) ошган.

 

Шунингдек, ҳудудларда 2018—2022 йилларда болаларда туғма ва ирсий касалликларни барвақт аниқлаш Давлат дастури ижроси бўйича қатор камчиликлар мавжуд эканлиги қайд этилган.

 

Ҳомиладор, туғувчи, туққан аёллар ва янги туғилган чақалоқларга кўрсатиладиган тиббий ёрдам сифатини яхшилаш мақсадида республикадаги туғруққа ёрдам берувчи муассасаларнинг моддий-техника базасини халқаро стандартларга мувофиқ мустаҳкамлаш ва зарур дори воситалари билан таъминлаш масаласи тўлиқ бажарилмагани айтилди.

 

Билдирилган фикрлардан сўнг бу борада чуқур, тизимли, керак бўлса, танқидий ўрганиш ва таҳлил зарурлигидан келиб чиқиб, Олий Мажлис Сенати Кенгашининг Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, репродуктив саломатликни сақлаш учун профилактик чора-тадбирларни амалга ошириш ҳолатини ўрганиш бўйича Ишчи гуруҳ тузиш тўғрисидаги қарори қабул қилинди.

 

Ишчи гуруҳ бир ой муддатда мазкур йўналишда ҳудудлардаги ҳақиқий ҳолат бўйича ўрганишлар ўтказиб, 1 ноябрга қадар Сенат Кенгашига аниқ таклиф киритиши белгиланди.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//