Ўзбекистонда яна бир янги жамғарма ташкил этилади

Сақлаш
22:15 / 28.09.2022 746 0

Ўзбекистон давлат хусусий шериклик лойиҳаларини ривожлантириш жамғармаси ташкил этилади. Бу ҳақида Молия вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

 

Қайд этилишича, бош вазири ўринбосари — иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Жамшид Қўчқоров Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) биринчи вице-президенти Юрген Ригтеринк бошчилигидаги делегация вакиллари билан учрашув ўтказган.

 

Учрашувда ЕТТБнинг Марказий Осиё бўйича бошқарувчи директори Жужанна Ҳаргитаи, банкнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Алкис Дракинос, бош котиби Кахугиҳо Когучи ҳамда комплаенс назорат бўлими раҳбари Бернд Тракслер иштирок этган.

 

Шунингдек, учрашувда молия вазири Тимур Ишметов, Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуратов ҳамда Давлат хусусий шериклигини ривожлантириш агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Зокир Бозоров ҳам қатнашган.

 

Учрашув доирасида ЕТТБ ҳамда Молия вазирлиги ва Давлат хусусий шериклигини ривожлантириш агентлиги ўртасида Ўзбекистон давлат хусусий шериклик лойиҳаларини ривожлантириш жамғармасини ташкил этиш юзасидан мандат битими имзоланган.

 

Томонлар кичик ва ўрта тадбиркорлик соҳасини ривожлантириш, рақамлаштириш жараёнларини жадаллаштириш ҳамда ушбу соҳадаги ўзаро ҳамкорлик алоқалари юзасидан фикр алмашган.

 

Учрашув давомида давлат банклари ва давлат корхоналарини хусусийлаштириш, декорбонизация ва яшил ўсиш, хусусан, яшил иқтисодиётга ўтиш, метан эмиссиясини камайтириш, яшил шаҳарларни ташкил этиш, шунингдек, капитал бозорини ривожлантириш, Европа тикланиш ва тараққиёт банки билан ҳамкорликда амалга оширилаётган лойиҳалар, шу жумладан, энергетика, таълим ва транспорт соҳасида давлат хусусий шериклиги асосида амалга оширилаётган лойиҳалар, тоғ-кон саноатини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинган.

 

Якунда эса томонлар ўзаро алоқаларни ривожлантириш ҳамда юқоридаги масалалар юзасидан ҳамкорликни янада кенгайтиришга келишиб олган.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//