Ўзбек шахматининг олтин авлоди ҳақидаги китоб нашрдан чиқди

Сақлаш
15:38 / 27.09.2022 812 0

Таниқли журналист, «Маърифат» газетанинг бош муҳаррири Ҳусан Карвонлининг «Ўзбек шахматининг олтин авлоди» номли китоби тақдимоти ўтказилди. 

 

Китоб ўзбек шахматининг олтин авлодлари: Нодирбек Абдусатторов, Нодирбек Ёқуббоев, Жавоҳир Синдоров, Шамсиддин Воҳидовларнинг шахматга кириб келиши, ота-она, устозларининг фикрлари, эришилган ютуқлари акс этган мақолаларни ўз ичига олган.

 

Тақдимотда Ўзбекистон Ёшлар ишлари агентлиги директори, Шахмат федерацияси раиси Алишер Саъдуллаев, шахматчилар ва уларнинг оила аъзолари, журналистлар иштирок этди. 

 

 

Китобда журналистнинг олтин авлод ҳақида бир неча йиллар аввал ёзилган мақолалари ҳам мавжуд. Жумладан, китобнинг Нодирбек Абдусатторов ҳақидаги қисмида муаллифнинг 10 йил аввал ёзган мақоласида Нодирбекнинг ота-онасидан олинган интервьюлар келтирилган.

 

«Гарчи ҳамма қатори мен ҳам турли кўнгилочар телеканалларга, ҳар хил кинофильмларни кўришга қизиқсамда фарзандларимнинг тарбиясини ўйлаб айрим қизиқишларимни чеклаганман. Шу сабабли турли кабелли телевидениеларга уланмаганмиз. Албатта, болаларимнинг телевизор кўришларига рухсат бераман, фақат дунёқарашини бойитадиган маънавий-маърифий, илмий-тарихий кўрсатувларнигина», деган Нодирбек Абдусатторовнинг отаси Фазлиддин Очилов.

 

«Ўзим аввалига шахматга унча қизиқмаганман. Фарзандларим шахмат тўгарагига қатнаш бошлагандан кейин мажбуран ўргандим. Чунки уйга берилган вазифаларни бажаришларини назорат қилишим керак эдида», дейди Нодирбек Абдусатторовнинг онаси Марзия Очилова.

 

 

Китоб «Академнашр» нашриётида 2 минг нусхада чоп этилган. Тақдимотда муаллифга китобнинг давомини ёзиш таклифи ҳам берилди.

 

«Йигитлардан умидим катта. Яна олимпиада чемпиони бўлишсин, Жаҳон Кубогини олишсин, Жаҳон шахмат тожини Ўзбекистонга олиб келишсин. Мен уларнинг ҳар бири ҳақида китоб ёзайин. «Ўзбекистон гроссмейстерлари» деган китоб чиқарайин», дейди Ҳусан Карвонли.

 

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ «Ўзбек шахматининг олтин авлоди» китоби «Энг улуғ, энг азиз» республика танловида 1-ўринга лойиқ кўрилган эди.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//