Жамият
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин Холиқназаров мамлакатдаги аҳли илмларга мурожаат қилди.
Нуриддин Холиқназаров ўз мурожаатида бугунги кунда ўзларининг хатти-ҳаракатлари билан динни хунук кўрсатиб қўяётган баъзи аҳли илмлар ҳақида гапириб, уларга динни етказишда чиройли йўлдан бориш зарурлиги айтиб ўтган. Муфтий, шунингдек, мурожаатида бир қанча китоблар ва уламолар фикри инобатга олинганини ҳисобга олиб, буни фатво сифатида қабул қилиш кераклигини алоҳида таъкидлади.
«Кейинги пайтларда дилни хира қиладиган фойдасиз тортишувлар, низолар авж олди. Бу каби тортишувлар инсонни фойдали илм олишдан узоқлаштириб, умрни беҳуда ўтказишга сабаб бўлади. Энг ёмони ушбу тортишувлар диний мавзулар атрофида бўлаётганидир. Ижтимоий тармоқларда кўрсангиз, диний мавзудаги тортишувлар, мунозаралар кўпайиб кетди. Бу ўз навбатида инсонлар орасида турли тушунмовчиликларга сабаб бўляпти. Бугунги кунда ижтимоий тармоқлар тортишувлар майдонига айланиб қолди. Улар орасида баъзи аҳли илм кишилари ҳам борлиги кишини қаттиқ изтиробга солади. Баъзи аҳли илмлар воқеликка қарамай, турли гапларни айтиши тортишув ва муҳокамаларни келтириб чиқармоқда. Бу ҳам фитнага сабаб бўлмоқда. Яна устоз кўрмасдан, ҳали диний илмларни яхши ўзлаштирмай, дин номидан гапираётганлар ҳам учраб турибди. Улар умуман воқеликни тушунмасдан, ҳар хил «фатволар»ни айтаётганларига гувоҳ бўлмоқдамиз. Буларнинг гапларидан кейин кўпчиликнинг динга, хусусан, аҳли илмга бўлган фикри салбий томонга ўзгармоқда. Гўёки, дин мана шундай хато қилиб гапираётганлар деган тушунча пайдо бўлмоқда. Барча аҳли имлар мана шундай деб ўйланяпти. Натижада Аллоҳнинг динига холис хизмат қилаётган тақволи, олим устозлар ҳам улар орасида кўриниб қоляпти. Бу ниҳоятда мусибатлидир. Шунинг учун, бугун биз мана шу нарсаларни тўхтатишга, ижтимоий тармоқ бўлсин ёки бирор бир мажлис, масжид, минбар бўлсин, гапиришга имкон берадиган қандай макон бўлишидан қатъи назар, ҳар бир гапиргувчи, ҳар бир баҳс қилгувчини, ўзимизни ислоҳ қилишга чақирмоқчиман», — дейди Ўзбекистон мусулмонлари раиси.
Муфтий насиҳат мулойимлик билан олиб борилиши кераклигига ҳам алоҳида урғу берди.
«Дин тортишув, мунозара, ҳақорат ва бир-бирини камситиш учун келган эмас. Дин — бу насиҳат. Ана шу қоидага мувофиқ жуда ҳам эҳтиёт бўлишимиз керак.
Насиҳат юмшоқлик ва мулойимлик билан олиб борилади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қўпол, дағал гапирувчи, ҳақорат қилувчи Зот бўлмаганлар. Минг афсуски, Аллоҳ номидан гапириб, ҳақорат қилиб юборишлик, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам номидан гапириб, фаҳш сўзларни ишлатиб даъват қилишликларни ҳам эшитиб қоляпмиз. Аллоҳ Ўзи кечирсин. Динимиз шундай гўзал, шундай маданият устига қурилганки, оғзимиздан бирорта фаҳш сўз чиқмаслиги керак», — дейди муфтий ўз мурожаатида.
Нуриддин Холиқназаров мурожаати сўнгида қайсидир аҳли илмлар, домлалар кимларнингдир кўнглини ранжитиб қўйган бўлса, уларнинг номидан муфтий сифатида узр сўради.
«Ходимларимизнинг билмасдан қилган камчиликларини диннинг хатоси деб қабул қилманг. Бу шахслар хатоси. Шахслар хатоси эса узр ила ювилади. Узримизни қабул қилгайсиз. Аллоҳ ҳаммамизни ҳидоятда қилсин».
Аввалроқ Нуриддин Холиқназаров раислигида ўтган йиғилишда 4 нафар имом ишдан олингани ҳақида хабар берилганди. Унгача эса Тошкентдаги масжид имом-ноиби фуқароларни «самосуд» қилишга чақиргани учун ўз вазифасидан озод этилганди.
Жамият
Жамият
Спорт
Жамият
Маданият
Илм-фан
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
//
Изоҳ йўқ