Энг намунали вазирлик ва туманга Президент совғаси – «Дамас» автомобили топширилди

Сақлаш
00:50 / 24.09.2022 700 0

Республика Маънавият ва маърифат маркази томонидан ўтказилган маънавий-маърифий соҳадаги «Энг намунали туман ва шаҳар» ҳамда «Энг намунали вазирлик ва идора» танловлари ғолибларини тантанали тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Ушбу танловлар Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2021 йил 26 мартдаги «Маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-5040-сонли қарори ижроси доирасида иккинчи марта ташкил этилмоқда.

 

 

Тақдирлаш маросими аввалида Президент Администрацияси шуъба мудири Абдухалил Маврулов сўзга чиқиб, танловнинг аҳамият ва мақсади ҳақида гапирди. 

 

 

Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари, Сенатор Минҳожиддин Мирзо иштирокчилар учун мақсад фақатгина танловда ютиш бўлмаслигини, аксинча, қилинаётган ҳар бир иш жамият ҳаётини яхшилашга, қадриятларимизни асраб-авайлашга ёрдам беришини назарда тутиш кераклигини таъкидлаб ўтди. 

 

 

– Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг «Инсоният дунёсининг буюк бир ёритқичи – маънавият чироғи бор. Бу чироқнинг бошқалардан фарқи шуки, у инсоннинг онги ва тафаккурини ёритади, қалби, виждонини уйғотади, одамийлик ҳиссини кучайтиради», деган гапларида нақадар ҳақиқат бор. Агар кимки маънавият масаласи бу фақат Маънавият ва маърифат маркази ёки тегишли вазирлик ва идораларнинг иши, деб ўйласа хато қилади. Бу давлатимиз ва жамиятимиз, ҳамма раҳбарлар, бизнинг ишонган тоғимиз бўлган илғор зиёлиларимиз, барча-барчамизнинг энг асосий ва муҳим вазифамиздир. Мана шу ҳақиқатни ҳаммамиз чуқур тушуниб, ўз фаолиятимизни шу асосда олиб борсак, маънавий-маърифий соҳадаги вазифаларимизни албатта муваффақиятли адо этамиз, – деди Минҳожиддин Мирзо.

 

Маълум қилинганидек, «Энг намунали туман ва шаҳар» танловига 14 та, «Энг намунали вазирлик ва идора» танловига эса 21 та ариза келиб тушди. Якуний натижага кўра, «Энг намунали туман ва шаҳар» танловида қуйидаги ҳудудлар ғолибликни қўлга киритди:

 

1-ўрин – Янгиқўрғон тумани (82,4 балл);

2-ўрин – Сариосиё тумани (81,2 балл);

3-ўрин – Кармана тумани (77,1 балл);

4-ўрин – Зомин тумани (75,2 балл);

5-ўрин – Ширин шаҳри (72,2 балл).

 

 

Оппоқов Мусахон, Республика Маънавият ва маърифат маркази Наманган вилоят бўлими раҳбари:

– Биласизми, бу танлов маънавият соҳасидаги ходимларнигина эмас, ёшларни комил авлод қилиб тарбиялашда ҳиссамни қўшаман, деган ҳар бир кишини руҳлантира оляпти. Албатта, амалга ошираётган ишларимизни айнан мукофотга эришиш, бирор танловда ютиш учун қилмаймиз. Бироқ меҳнатингни, ташаббусларингни тушуниб қўллашлари, рағбатлантиришларини кўриш, ҳис қилиш кишига куч-ғайрат беради. Танловда бизнинг Янгиқўрғон туманимиз биринчи ўринни олгани жамоамиздаги барчага ғурур ва ифтихор бағишлади. Ўйлайманки, бу ютуқ бизнинг яна-да яхшироқ ишлашимизга туртки бўлади.

 

 

«Энг намунали вазирлик ва идора» танловида эса

 

1-ўрин – Ички ишлар вазирлиги (92,5 балл);

2-ўрин – Мудофаа вазирлиги (92,1 балл);

3-ўрин – Миллий гвардия ва «Ўзкимёсаноат» АЖ (88,4 балл);

4-ўрин – Давлат солиқ қўмитаси (81,3 балл);

5-ўрин – Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги (78,6 балл)га насиб этди.

 

 

 

«Энг намунали вазирлик ва идора» танловида бу йил биринчи марта янгилик сифатида 5 та номинация ҳам жорий этилди. Шундай қилиб:

 

«Давлат тилида иш юритиш бўйича энг намунали вазирлик-идора» номинациясида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги;

«Энг фаол китобхон вазирлик-идора» номинациясида Кадастр агентлиги;

«Энг фаол тарғиботчи вазирлик-идора» номинациясида Маданият вазирлиги;

«Энг яхши вазирлик-идора сайти» номинациясида Фавқулодда вазиятлар вазирлиги;

«ОАВ ва ижтимоий тармоқларда энг фаол вазирлик-идора» номинациясида Мактабгача таълим вазирлиги ғолиб деб топилди.

 

 

Ҳар икки танловнинг мутлақ ғолибларига Президент совғаси – «Дамас» автомобили ва 15 миллион сўмлик китоблар тўплами тақдим этилди.

 

 

2-ўрин эгаларига – 40 миллион сўм пул мукофоти ва 12 миллион сўмлик китоблар тўплами;

3-ўрин соҳибларига – 25 миллион сўм пул мукофоти ва 8 миллион сўмлик китоблар тўплами;

4-5-ўринларга эса – 10 миллион сўмлик пул мукофоти топширилди.

 

Ушбу совринлар ғолибларнинг маънавий-маърифий фаолияти самарадорлигини янада оширишга хизмат қилиши шубҳасиз. Тақдирлаш маросимидан сўнг намойиш этилган концерт дастури иштирокчиларга хуш кайфият улашиб, байрам шукуҳини янада кўтарди.

 

 

Айтиш керакки, ушбу танловлар халқимиз ҳаётини фаровонлаштириш, аҳоли маънавиятини юксалтириш йўлида фидокорона хизмат қилаётган ҳар бир фуқаро, ҳар бир жамоа давлат эътиборидан четда қолмаслигининг яққол ифодасига айланиб бормоқда.

 

 

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//