Ўзбекистонлик ҳунарманд аёллар учун бизнес ғоялар танлови эълон қилинди

18:01 / 16.01.2022 1105
Сақлаш

АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) Агробизнесни ривожлантириш лойиҳаси доирасида “Хотин-қизларнинг имкониятларини кенгайтириш жамғармаси”ни тузиб, ҳунармандчилик корхоналари ва якка тартибдаги ҳунарманд аёллар фаолиятини қўллаб-қувватлаш мақсадида ҳамкорликда сармоя киритишни назарда тутувчи бизнес ғоялар танловини эълон қилди. 

Жамғарма доирасида ажратиладиган маблағлар корхоналар ва ҳунармандлар томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларга қўшимча қиймат қўшиш, янги бозорларга чиқиш, янги иш ўринлари яратиш, савдо ҳажми ва даромадни ошириш каби мақсадларга сарфланади.

USAID 2021 йилда Агробизнесни ривожлантириш лойиҳаси орқали ўзбекистонлик аёлларни иш топиш ва ўзининг янги корхоналарини ишга туширишда қўллаб-қувватлаш мақсадида 1 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратди.

Мазкур маблағларни самарали тақсимлаш мақсадида тузилган “Хотин-қизларнинг имкониятларини кенгайтириш жамғармаси” янги технологияларни жорий этишни молиялаштиришда иштирок этиб, якка тартибдаги  ҳунарманд аёлларга 5 миллиондан 50 миллион сўмгача, рўйхатдан ўтган ҳунармандчилик корхоналарига эса 50 миллиондан 200 миллион сўмгача бўлган миқдорда маблағ ажратади. 

Танловга аризалар 2022 йилнинг 15 февралига қадар қабул қилинади. Танлов шартлари ва ариза иловасини бу ердан юклаб олиш мумкин.

Ушбу ташаббус USAIDнинг Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан ҳамкорликда амалга оширилаётган беш йиллик Aгробизнесни ривожлантириш лойиҳаси томонидан амалга оширилмоқда.

Лойиҳа танланган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари учун бутун қиймат занжири бўйлаб қўшимча қиймат яратиш имконини берувчи янги технологиялар ва замонавий бошқарув амалиётларини жорий этиш орқали Ўзбекистон қишлоқ хўжалигида хусусий сектор ривжоланишини қўллаб-қувватлашга йўналтирилган.

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

//