Ўзбек тилининг мамлакатимиз ижтимоий ҳаётида ва халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини ошириш, мамлакатимизда давлат тилини тўлақонли жорий этишни таъминлаш борасидаги ташаббусларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг Давлат тилини ривожлантириш департаменти ҳамда Ўзбек тилини ривожлантириш жамғармаси томонидан “Жонажон ўзбек тилим” танлови эълон қилинди.
Танлов қуйидаги йўналишларда ўтказилади:
- ўзбек тилининг ўзига хос хусусиятлари, муаммо ва ечимлари ёритилган энг яхши илмий тадқиқот;
- ўзбек тилини рақамлаштиришга қаратилган энг яхши дастурий маҳсулот;
- ўзбек тилининг бой имкониятлари тараннум этилган энг яхши бадиий-ижодий асар;
- давлат тили бўйича оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган энг яхши материал;
- ўзбек тили тарғиботига бағишланган энг яхши видеоролик;
- ўзбек тилини халқаро миқёсида оммалаштиришга хизмат қилаётган энг яхши амалий иш;
- ўзбек тилининг хорижлик дўстлари томонидан яратилган энг яхши илмий-ижодий иш.
Танловда иштирок этувчи номзодлар ўзи ҳақидаги маълумотларни (исми, отаисми, фамилияси, иш жойи, ўқиш жойи) илмий-ижодий ишининг электрон нусхасини илова қилган ҳолда Танлов ишчи органи – Ўзбек тилини ривожлантириш жамғармаси ёки расмий электрон почтага (uz_tili_jamgarma@umail.uz) ҳамда (@Jonajontilim_bot) телеграм ижтимоий тармоғига 5-октябргача юборишлари лозим.
Танловда якка тартибда ёки жамоа бўлиб иштирок этиш мумкин.
Ғолиблар базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баробари миқдоридаги пул мукофоти, диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланади.
Мукофотлар 21 октябр – Ўзбек тили байрами куни арафасида ташкил этиладиган тадбирлар доирасида тантанали равишда топширилади.
//
Изоҳ йўқ