“Йилнинг энг яхши асари”

15:11 / 10.11.2021 1009
Сақлаш

Давлатимиз раҳбарининг “Маданият ва санъат соҳасининг жамият ҳаётидаги ўрни ва таъсирини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони билан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳамда Ўзбекистон ижодкорларини қўллаб-қувватлаш “Илҳом” жамоат фонди “Йилнинг энг яхши асари” республика танловини эълон қилади.

Мамлакатимизда адабиёт соҳасидаги ислоҳотларни ҳаётга жорий этиш, бадиий ижодни ривожлантириш ва адибларни янги асарлар яратишга рағбатлантириш, ижодкор меҳнатини муносиб тақдирлаш мақсадида ўтказилаётган танловда адабий жанрлар ва йўналишлар бўйича бадиий жиҳатдан юксак, китобхонлар эстетик дидини юксалтирадиган, уларга маънавий озуқа бағишлайдиган мукаммал асарлар танлаб олинади.

Танлов бадиий адабиётнинг бешта – наср, шеърият, драматургия, бадиий таржима, адабий танқид ва бадиий публицистика йўналишларида бўлиб ўтади. Унда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари, профессионал адиблар иштирок этишлари мумкин. Ижодкорлар 2021 йилнинг 1 январидан 10 декабригача газета ва журналлар, нашриётларда чоп этилган, адабий жамоатчилик ва кенг китобхонлар оммаси эътирофига сазовор бўлган янги асарлари, ўзбек мумтоз ва замонавий адабиётимиз намуналарининг хорижий тилларга таржима қилинган янги таржималари ҳамда жаҳон адабиёти дурдоналаридан ўзбек тилига таржима қилинган янги таржима асарларини Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида “Йилнинг энг яхши асари” танлови Ишчи гуруҳига тақдим этишлари мумкин.

Манзил: Чилонзор тумани, Бунёдкор кўчаси, Адиблар хиёбони.

Танловга тавсия этилган асарларга қуйидаги маълумотлар илова қилинади:

– адибнинг ижодий фаолияти ҳақида қисқача маълумотнома (объективка);

– манзили ва телефон рақами;

– паспорт нусхаси.

Танловга қабул қилинган бадиий асарлар танлов Ҳайъати томонидан кўриб чиқилади.

1 дона бош мукофот:

Бош мукофот соҳиби махсус диплом, статуэтка, базавий ҳисоблаш миқдорининг 200 баробари пул мукофоти билан тақдирланади.

Асосий мукофотлар:

Абдулла Қодирий номидаги “Энг яхши насрий асар” учун (шу жанрдаги бир асар муаллифига берилади);

Ҳамид Олимжон номидаги “Энг яхши шеърий асар учун” (шу жанрдаги бир асар муаллифига берилади);

Абдулҳамид Чўлпон номидаги “Энг яхши таржима асари учун” (шу жанрдаги бир асар муаллифига берилади);

Маҳмудхўжа Беҳбудий номидаги “Энг яхши драматик асар учун” (шу жанрдаги бир асар муаллифига берилади);

Абдурауф Фитрат номидаги “Энг яхши адабий-танқидий ва публицистик тўплам учун” (шу жанрдаги бир асар муаллифига берилади).

Ғолиблар диплом, статуэтка, базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 баробари пул мукофоти билан тақдирланади. Мукофот бир шахсга такроран берилмайди.

Ғолиблар шу йил декабрь ойининг учинчи ўн кунлигида Тошкент шаҳридаги “Туркистон” санъат саройида ўтказиладиган тақдимот маросимида эълон қилинади ва тақдирланади. Танлов натижалари оммавий ахборот воситаларида ёритилади.

 

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Ахборот хизмати

 

Сайт (http://ijod.uz/) I Телеграм (https://t.me/yozuvchilar_uz) I Фейсбук (https://www.facebook.com/yozuvchilar.uyushmasi.9/)

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш