«Эзгулик» туркумидаги ижтимоий видеороликлар танловига старт берамиз. Ғолибга Iphone 15 pro max

16:03 / 28.03.2024 234
Сақлаш

Республика Маънавият ва маърифат маркази «Эзгулик» туркумидаги ижтимоий видеороликлар танловини эълон қилади.

Танловга қуйидаги мавзулар бўйича янгидан яратилган, 3 дақиқадан ошмайдиган ижтимоий видеороликлар қабул қилинади:

·         инсонпарварлик ва бағрикенглик

·         эркинлик ва масъулият

·         ватанпарварлик

·         ҳуқуқий маданият (қонунга итоаткорлик)

·         миллий ўзлик

·         маърифатпарварлик

·         меҳнатсеварлик ва интизом

·         инновация ва тадбиркорлик

Мавзулар ҳар бири алоҳида эмас, барчаси биргаликда умумий танлов ҳисобланади.

Видеоролик ва иштирокчи ҳақидаги маълумотлар, боғланиш учун телефон рақамлари 2024 йил 20 май соат 18:00 гача «Ойина.уз» порталининг телеграмдаги @oyinauz_bot манзилига юборилиши лозим.

Ғолиблар қуйидаги мезонларга коʼра аниқланади:

·         видеороликда мавзунинг мазмун-моҳияти очиб берилганлиги;

·         видеороликда тасвир, овоз ва монтаж ишининг сифати;

·         муаллифнинг видеороликни яратишдаги ўзига хос ижодий ёндашуви, ишнинг плагиат эмаслиги;

·         видеороликнинг барча тоифадаги фойдаланувчилар учун мўлжалланган бўлиши;

·         видеороликда маънавий-ахлоқий қадриятларимизга зид бўлган тасвир ёки мазмун акс эттирилмаслиги.

Видеороликлар Ҳакамлар ҳайъати томонидан юқоридаги мезонлар асосида сараланади. Энг яхши деб топилган 10 та (келиб тушган ижодий ишларнинг сони ва сифати инобатга олинган ҳолда мазкур рақам ўзгариши мумкин) видеоролик Ойина.уз портали телеграм каналида эълон қилинади ва махсус бот орқали овоз йиғиш жараёни ташкил этилади. Якуний натижаларга кўра овозлар сони тартибида 1, 2 ва 3-ўринлар аниқланади.

Танлов ғолиблари ҳақидаги маълумотлар Oyina.uz портали ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари орқали эълон қилинади.

Танловда ғолиб деб топилган ижтимоий видеороликлар республикадаги телеканаллар, ижтимоий тармоқлар ва ташқи реклама воситалари (ЛEД экранлар) орқали мунтазам равишда намойиш этиб борилади.

Танлов шартларига жавоб бермайдиган видеороликлар қабул қилинмайди. Муаллифлик ҳуқуқи бузилишига йўл қўйилмайди, плагиат ва овоз йиғиш жараёнларини сохталаштиришга уринган ҳолатлар аниқланганда иштирокчи танловдан четлатилади.

Танлов ғолибларини тақдирлаш

Танлов ғолиблари ва рағбатлантирувчи номинациялар совриндорлари қимматбаҳо совғалар ҳамда Республика Маънавият ва маърифат марказининг дипломи билан тақдирланади.

Ғолиблар 2 хил усулда танланади:

Ҳакамлар эътирофи бўйича:

1-ўрин – Iphone 15 pro max (256 GB)

2-ўрин – HP Victus

3-ўрин – Samsung Galaxy Tab S9

Мухлислар овози бўйича:

1-ўрин – Iphone 15 pro max (256 GB)

2-ўрин – HP Victus

3-ўрин – Samsung Galaxy Tab S9

Ҳакамлар ҳайъати қарори билан танловга келган видеороликлар таъсирчанлик даражаси, сифати, мазмуни, долзарблиги, тарбиявий аҳамияти, қўйилган талабларга мослиги эътиборга олинган ҳолда қўшимча ўринлар, рағбатлантирувчи мукофотлар билан тақдирланиши мумкин.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш