«Business Turk» журналининг янги сони Ўзбекистонга бағишланди

Сақлаш
19:15 / 10.09.2021 1021 0

Туркияда чоп этиладиган нуфузли «Business Turk» журнали таҳририяти билан ҳамкорликда мазкур нашрнинг «Янгидан уйғониш: Ўзбекистон мустақиллигининг 30-йилида» номли махсус сони чоп этилди. Бу ҳақда "Дунё" АА хабар берди.

Хабарда маълум қилинишича, махсус соннинг кириш қисми «Олтин қалам» ХV миллий мукофоти совриндори, журнал бош муҳаррири М.Рузубайнинг Ўзбекистон ҳақида фикрлари билан бошланган. Шунингдек, махсус соннинг тақдимот сўзи Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчиси А.Аъзамходжаев қаламига мансуб. Унда 30 йил аввал Ўзбекистоннинг мустақиллигини биринчи бўлиб тан олган давлат Туркия бўлганлиги, Ўзбекистон Туркиянинг шундай жасоратли ва биродарона қарорини беҳад олқишлаши алоҳида эътироф этилган.

48 саҳифадан иборат бўлган журналнинг мазкур махсус сонида Ўзбекистон давлат тизими, жўғрофияси, тарихи, иқтисодиёти, сайёҳлик салоҳияти ҳақида атрофлича маълумот берилган, мамлакатимизнинг ҳар бир вилоятининг ўзига хос хусусиятлари, иқтисодий имкониятлари ҳақида ҳам батафсил фикр юритилган.

«Мустақил Ўзбекистон» деб номланган бўлимда мамлакатимизнинг давлат рамзлари, Конституцияси, миллий валютаси, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва дунё давлатлари билан алоқалари ҳақидаги материаллар ўрин олган. Аксарият мақолаларда Ўзбекистон бугунги кунда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида «Янги Ўзбекистон – Учинчи Ренессанс» ғояси йўлида азму шижоат билан олға одимлаётгани таъкидланган.

Шунингдек, сўнгги йилларда ўзбек-турк муносабатларида эришилган муваффақиятларга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, Ўзбекистон Президентининг 2017 йил Туркияга буюрган тарихий ташрифи, 2020 йил Анқара шаҳрида бўлиб ўтган Олий даражали стратегик кенгашнинг илк мажлиси ва натижалари, Туркия Президенти Девонига қарашли Халқ кутубхонаси очилишида Ўзбекистон Президентининг фахрий меҳмон сифатидаги иштироки ва нутқининг муҳимлиги эътироф этилган.

Журналнинг Ўзбекистон ҳаётига бағишланган махсус сонида чоп этилган материалларда жорий йил Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Ўзбекистон-Туркия ҳукуматлараро қўшма комиссияси йиғилиши натижалари, сўнгги йилларда Туркиянинг Бурса, Адана ва Анталия шаҳарларида ташкил этилган Ўзбекистон фахрий консулликларининг фаолияти, мамлакатимиздаги масъул ташкилотларнинг Туркиядаги диаспорамиз вакиллари билан алоқалари, Истанбул, Адана ва Шанлиурфа каби шаҳарларда жойлашган маҳаллий диаспора ташкилотлари билан ҳамкорликдаги тадбир ва лойиҳалар ҳақидаги маълумотлар ҳам ўз аксини топган.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистоннинг шонли 30 йиллик тараққиёт йўли, эришган натижалари хорижий давлатлар ва оммавий ахборот воситалари, халқаро ташкилотлар ҳам экспертлар томонидан кўп бора таҳлил қилиниб, эътироф этилаётгани диққатга сазовордир. Бундай эътибор ва эътироф ҳар бир ватандошимиз қалбида миллий ғурур ва ифтихор туйғуларини жўш урдиради, мамлакатимиз мавқеини янада мустаҳкамлайди.  

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//