Сайлов-2021: Имзо варақаларининг тўғри тўлдирилганлигини текширувчи Эксперт гуруҳларини тузиш масаласи кўриб чиқилди

Сақлаш
16:21 / 30.08.2021 993 0

 

Бугун Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Мажлисни Комиссия Раиси З.Низамходжаев олиб борди.

Тадбирда Сиёсий партиялар томонидан тақдим этилган имзо варақаларининг тўғри тўлдирилганлигини текширувчи Эксперт гуруҳларини тузиш, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида халқаро ташкилотлардан қатнашадиган кузатувчиларни аккредитация қилиш, Оммавий ахборот воситалари вакилларини аккредитациядан ўтказиш, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари рўйхатидан чиқариш масалалари кўриб чиқилди.


Марказий сайлов комиссияси аъзолари мажлис кун тартибидаги биринчи масала – Сиёсий партиялар томонидан тақдим этилган имзо варақаларининг тўғри тўлдирилганлигини текширувчи Эксперт гуруҳларини тузиш масаласини кўриб чиқдилар.

Маълумотларга кўра, Марказий сайлов комиссияси имзо варақалари тўғри тўлдирилганлигини текширувчи Эксперт гуруҳини тузиши мумкин. Эксперт гуруҳи таркибига ички ишлар органларининг, адлия органларининг мутахассислари, шунингдек фуқаролик жамияти институтлари вакиллари жалб этилади. Имзо варақаларини текширишда сиёсий партияларнинг ваколатли вакиллари иштирок этади.

Шунингдек, мажлисда Президенти сайловида халқаро ташкилотлардан қатнашадиган кузатувчиларни аккредитация қилиш масаласи кўриб чиқилди.

Қайд этилганидек, Сайлов кодексининг 33-моддасига мувофиқ, сиёсий партиялардан, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан, шунингдек бошқа давлатлар ва халқаро ташкилотлардан кузатувчилар ўз фаолиятини тегишли комиссиялар томонидан берилган мандатлар асосида амалга оширади. Манфаатдор ташкилотлар ўз кузатувчилари тўғрисида сайлов комиссияларига сайловдан камида ўн кун олдин ариза билан маълум қилади.

Манфаатдор ташкилотдан ариза олинганидан кейин беш кун ичида сайлов комиссияси кузатувчи учун мандат беради. Бошқа давлатлардан, халқаро ташкилотлардан кузатувчиларга мандатлар Марказий сайлов комиссияси томонидан берилади.

Шунингдек, мажлисда оммавий ахборот воситалари вакилларини аккредитациядан ўтказиш тўғрисидаги МСК қарорига мувофиқ 36 нафар маҳаллий ОАВ вакили рўйхатдан ўтказилди. Қайд этиш жоиз, шу кунга қадар аккредитациядан ўтказилган маҳаллий ОАВ вакиллари сони 766 нафар, хорижий ОАВ вакиллари  сони 48 нафарни ташкил этмоқда.

Мажлис сўнгида кун тартибига киритилган масалалар юзасидан Марказий сайлов комиссиясининг тегишли қарорлари қабул қилинди.

 

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//