Шавкат Мирзиёев Ғазодаги вазиятга тўхталиб, томонларни зўравонликларни зудлик билан тўхтатишга чақирди

Сақлаш
18:41 / 06.07.2024 216 0

Ўзбекистон Республикаси Президенти 6 июль куни Шуша шаҳрида Туркий давлатлар ташкилотининг «Транспорт, ўзаро боғлиқлик ва иқлим ҳаракати орқали барқарор келажакни бунёд этиш» шиори остидаги норасмий саммитида иштирок этди.

 

Тадбирга Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев раислик қилган.

 

Саммитда, шунингдек, Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев, Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров, Туркия вице-президенти Жавдат Йилмаз, Венгрия Бош вазири Виктор Орбан, шунингдек, Туркий давлатлар ташкилоти бош котиби Кубаничбек Омуралиев ва ТДТ Оқсоқоллар кенгаши раиси Бинали Йилдирим ҳам қатнашган.

 

 

Йиғилиш давомида Ташкилот доирасидаги кўп қиррали ҳамкорликнинг ҳолати ва истиқболлари юзасидан фикр алмашилди, амалий шерикликнинг долзарб масалалари муҳокама қилинган.

 

Давлатимиз раҳбари ўз нутқида ушбу учрашув туркий дунёнинг маданият пойтахтларидан бири бўлган Шуша шаҳрида ўтказилаётганида чуқур маъно мужассамлигини таъкидлаб, Президент Илҳом Алиев раҳбарлигида Қорабоғда олиб борилаётган улкан бунёдкорлик ишларини юксак баҳолаган.

 

 

Учрашувда ўтган қисқа даврда Туркий давлатлар ташкилоти доирасида 30 дан ортиқ муҳим йўналишларда ўзаро манфаатли ва кенг қамровли ҳамкорлик йўлга қўйилгани ҳам алоҳида таъкидланган.

 

«Ушбу саммитимиз глобал хавф ва хатарлар ортиб, ўзаро ишонч инқирози тобора кучайиб бораётган бир шароитда ўтмоқда. Бундай мураккаб вазиятда азалий қардошлик руҳидан куч олаётган алоқаларимизни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаришни, умумий ёндашувларни ишлаб чиқишни даврнинг ўзи тақозо этмоқда», — деган Шавкат Мирзиёев.

 

Шу билан бирга, туркий давлатлар ўртасида кўп томонлама ва узоқ муддатли ҳамкорликни янада ривожлантириш мақсадида Ўзбекистон етакчиси қатор устувор масалаларга эътибор қаратган.

 

Жумладан, ташкилотга аъзо мамлакатлар ўртасида савдо ҳажми барқарор ўсаётгани ва ўтган йилда 27 фоизга ошгани мамнуният билан қайд этилган.

 

«Мамлакатларимиз бугунги кунда дунёнинг асосий бозорларига чиқиш ҳамда Буюк ипак йўлини янги тарихий шароитда қайта тиклаш учун қаттиқ бел боғлаган», — деган Ўзбекистон Республикаси Президенти.

 

Саммитда «Ягона ойна» тизимини йўлга қўйиш, божхона-чегара ўтказиш пунктларининг узлуксиз ишлашини таъминлаш муҳимлиги ҳам қайд этилган.

 

Ўзбекистон Президенти яқинда Тошкентда ташкил этилган Туркий давлатлар логистика марказлари ва юк ташувчилари альянсини ТДТнинг транспорт соҳасидаги кун тартибини шакллантириш ва устувор вазифаларини амалга оширишга кенг жалб этиш мақсадга мувофиқлигини кўрсатиб ўтган.

 

 

Бунда ташкилот доирасида Темир йўл маъмуриятлари кенгашини тузиш ва унинг дирекциясини Тошкент шаҳрида жойлаштириш ташаббуси илгари сурилган.

 

Мамлакатимиз етакчиси иқлим ўзгаришига қарши биргаликда курашиш масалаларига алоҳида эътибор қаратган.

 

Мавжуд муаммоларни тизимли ҳал этиш учун Туркий экология кенгашини тузиш ва унинг бош қароргоҳини экологик офатдан энг кўп зарар кўрган ҳудуд – Оролбўйидаги йирик шаҳар Нукусда жойлаштириш таклиф қилинган.

 

Президент муқобил энергия манбаларини ривожлантириш аҳамияти ҳақида сўз юритар экан Ўзбекистон 2030 йилгача қайта тикланувчи энергия қувватларининг энергетика балансидаги улушини 40 фоизга етказишни мақсад қилганини маълум қилган.

 

Маълумот учун, эндиликда мамлакатимизда хорижий шериклар билан бирга йилига 2 гигаватт қувватдаги янги шамол ва қуёш электр станциялари ишга туширилмоқда.

 

«Қўшни Қирғизистонда гидроэлектр станцияларини Қозоғистон билан биргаликда қуриш ишларини ҳам бошлаяпмиз», – деган Шавкат Мирзиёев.

 

Давлатимиз раҳбари туркий дунё умумбашарий цивилизация ривожига мислсиз ҳисса қўшганини урғулаган.

 

«Номларини жаҳон аҳли яхши биладиган улуғ аллома ва уламоларимиз иккита буюк Ренессансга асос солишган. Бу азал-азалдан халқларимиз ҳаётида инсон капитали нақадар юқори бўлганидан дарак беради», — деган Шавкат Мирзиёев.

 

Шу муносабат билан замонавий «билимлар иқтисодиёти»ни қуриш, креатив иқтисодиётни ривожлантириш учун рақамли технологиялар, блок-чейн, булутли, квант ҳисоблаш технологиялари, робототехника, «тўртинчи саноат» кадрларини тайёрлаш соҳаларида ҳамкорликни кучайтириш зарурлиги кўрсатиб ўтилган.

 

Бунинг учун Туркий давлатлар ташкилотининг Инсон капиталини ривожлантириш илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш ташаббуси илгари сурилди.

 

Шу қаторда, Президент ташкилот шафелигида аниқ фанлар бўйича Ёшлар туркий олимпиадаси ва Бутунжаҳон туркшунослар конгрессини келгуси йили Ўзбекистонда ўтказишни таклиф этган.

 

Шавкат Мирзиёев йиғилганлар эътиборини Ғазо секторида мураккаб вазият юзага келиб, қонли уруш 40 мингга яқин аҳоли, айниқса, аёллар ва болалар ҳаётига зомин бўлганига қаратган. Томонларни зўравонликларни зудлик билан тўхтатишга, тинчлик жараёнларини тезроқ бошлашга чақирган.

 

Мустақил ва озод Фаластин давлатининг ташкил этилиши Яқин Шарқда стратегик барқарорлик ва тинчликни таъминлашнинг энг асосий шарти экани қайд этган.

 

Мамлакатимиз етакчиси кўп миллионли туркий халқлар истиқомат қилаётган Афғонистондаги вазиятга тўхталар экан, ушбу масала бўйича ташкилот аъзоларининг умумий ва якдил ёндашувларини ишлаб чиқиш муҳимлигини алоҳида таъкидлади.

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти кўп миллионли туркий халқлар истиқомат қилаётган Афғонистондаги вазиятга ҳам тўхталар экан, ушбу масала бўйича ташкилот аъзоларининг умумий ва якдил ёндашувларини ишлаб чиқиш муҳимлигини алоҳида таъкидлаган.

 

«Ўзбекистон афғон халқига зарур ёрдам кўрсатишни бундан буён ҳам давом эттиради. Афғонистоннинг хориждаги «музлатилган» молиявий активларини қайтариш мамлакатдаги ижтимоий вазиятни юмшатишга хизмат қилишига ишонамиз», — деган Президент.

 

Саммит якунида Қорабоғ декларацияси ҳамда ҳамкорликнинг устувор йўналишлари бўйича қатор келишувлар қабул қилинган.

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

//