ИИБ хонасига олиб борилган фуқаро ҳушини йўқотиб, реанимацияга ётқизилди

Сақлаш
16:18 / 05.07.2024 230 0

4 июль куни Фарғона вилояти Риштон туманида ИИБ ходимлари ҳамда ҳайдовчи ўртасида жанжал келиб чиққан.

 

Низога ҳайдовчи йўлнинг ҳаракатланиш мумкин бўлмаган қисмида автомобилни бошқаргани сабаб бўлган.

 

Маълум бўлишича, низо жанжалга айланган ва мазкур жараёнда ИИБ ходимлари фуқарога нисбатан электрошокер қўллаган. Шундан сўнг ҳайдовчи хизмат хонасига олиб борилган.

 

Бироқ фуқаро ИИБ хонасидан ҳушсиз ҳолда, замбилда олиб чиқилган ва туман тиббиёт бирлашмасининг жонлантириш бўлимига юборилган.

 

Хабарга кўра, 5 июль кунининг биринчи ярмида ҳам фуқаро ҳушига келмаган.

 

Аниқлик киритилишича, ҳайдовчи Риштон тумани «Зоҳидон» қишлоғида яшовчи, 33 ёшли Равшан Мадалиев бўлиб, у йўлнинг ҳаракатланиш мумкин бўлмаган қисмида автоуловини бошқариб, йўл ҳаракати қоидасини бузган.

 

Шундан сўнг уни тўхтатган, ўша ҳудудда хизмат вазифасини бажараётган ППХ ходими ҳайдовчига чап томонда ҳаракатланиш мумкин эмаслигини тушунтира бошлаган, аммо якунда ўзаро жанжал келиб чиққан.

 

Жанжалнинг келиб чиқишига асосий сабаб эса автомобилнинг олд қисми зарарланишидир. Яъни, ҳайдовчи автомобилни йўлнинг бошқа бир қисмига олмоқчи бўлганида, ходимлар машина йўлини тўсиб олишган ва оқибатда низо чоғи машинанинг олд қисми зарарланган.

 

«ИИБ ходимлари аввал 2 киши эди. Кейин тўсатдан кўпчилик бўлиб кетишди. Машина йўлини тўсиб олиб, акамнинг машинани бошқа йўлга олишига тўсқинлик қилишди. Ходимлардан бири акамнинг қўлига электрошокер ишлатди. Кейин эса судраб, хизмат хонасига олиб кириб кетишди. Бу пайтда ходимлардан бири яна бошига урди. Акам хизмат хонасига киргунича ҳолати яхши эди. Уни хонада кўпчилик бўлиб калтаклашган. ИИБ хонасидан ҳушсиз ҳолатда чиқди. Тезкорлик билан реанимация бўлимига олиб бордик. Кечадан бери ўзига келмаяпти», — дея гувоҳ сифатида воқеага изоҳ берган ҳайдовчининг жияни Кун.uz'га.

 

Маълум қилинишича, ҳайдовчи Равшан Мадалиев 2022 йилда автоҳалокатга учраган ва натижада миясидан оғир жарроҳлик амалиёти ўтказган.

 

Мурожаатчи жанжал тасвирга тушиб қолган дўкон камерасидан барча кадрлар 5 нафар ППХ ходимлари томонидан, асл ҳолатни яшириш мақсадида, ўчиртириб юборилганини айтади.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

//