«Биз бу бурчни адо этишга қодирмизми?» Хайриддин Султонов Ислом цивилизация марказининг аҳамияти ҳақида гапирди

Сақлаш
18:07 / 04.07.2024 110 0

Бугун, 4 июнь куни «Буюк аждодлар мероси – ИИИ Ренессанс пойдевори» Ўзбекистон олимлар форумининг ялпи йиғилиши бўлиб ўтди.

 

Тошкент шаҳридаги Симпозиумлар саройида бошланган тадбирда Ислом цивилизацияси марказининг бугунги кунда қандай қиёфада бунёд бўлаётгани, ундан келгусида қандай натижалар кутилаётгани ҳақида сўз борди.

 

Жумладан, ушбу марказ нафақат тарихий, балки ўсиб келаётган ёшлар учун маърифат маскани бўлиши лозимлиги қайд этилди.

 

 

Маълум бўлишича, Ислом цивилизация марказини экспонатлар билан бойитишда 450 нафардан ортиқ олимдан турли таклиф ва тавсиялар олинмоқда.

 

«Сизлар бераётган таклиф ва тавсиялар жиддий ўрганиб чиқилади ва эътиборга олинади. Ислом цивилизация маркази мамлакатимизнинг маданий-гуманитар йўналишидаги улкан мега лойиҳадир. Бу нафақат юртимизда, балки дунё бўйича кенг жамоатчиликда катта қизиқиш уйғотмоқда. Шу ўринда ҳақли бир савол туғилади: Биз бу бурчни адо этишга қодирмизми? Бугунги ўзбек илм-фани зиёлилари мана шундай улкан масъулиятни ўз зиммасига олишга қодирми? Албатта, қодир. Чунки диний ген, ирцият ҳеч қачон йўқолмайди. Дунёга икки буюк ренессансни берган аждодларимиздан мерос бу», дейди Президент маслаҳатчиси – спичрайтер Хайриддин Султонов.

 

 

Таъкидланишча, марказ илмий тадқиқот олиб бориладиган маскан сифатида ҳам фаолият юритади. Бу ерга ташриф буюрувчилар дунёвий, диний, маърифий ҳамда тарихий маълумот олиш имконига эга бўлади. Шунинг учун ҳам марказга қўйилаётган ҳар қандай экспонат, ёзув, муҳр, тангадан тортиб либосгача, ҳаттоки Қуръоннинг турли даврдаги нусхалари, қўлёзма манбалар ўрганилади. Бундан мақсад эса муқобили йўқ марказни Ўзбекистонда ташкил этишдир.

 

«Бу ер ҳам дунёвий, ҳам диний олимлар бирлашаётган катта маскан бўлади. Энг муҳими, у Ўзбекистоннинг 3 минг йиллик тарихини акс эттирмоқда. Бу ИИИ Ренессанс пойдевори бўлади. У кейинги минг йилликка хизмат қилиши лозим. Бу ерга келган ёшлар қайтиб кетишар экан ўз тарихидан фахрланиши лозим. Уларда миллий ғурур пайдо бўлиши керак. Экспертлар жуда кўп муҳокама қиляпти. Ҳар битта деталга эътибор қаратилмоқда. Сабаби, келажакка қолдирилаётган ҳар бир нарса тарихий асосланган бўлиши керак. Келажакка тўғри, асосланган тарих қолдириш керак», дейди Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Отабек Ҳасанов.

 

«Ислом цивилизация маркази бу фақатгина битта ёки иккита соҳани ўзида ифода этадиган эмас, балки бизнинг шонли тарихимизни бўю басти билан, ҳатто исломдан олдинги ва кейинги даврларига оид илмий ютуқларимизни намойиш қилиб беради», дейди Тошкент шаҳар «Ҳасанбой» жомеʼ масжиди имом-ноиби Ҳасанхон Абдулмажидов.

 

Маълумот учун, Ислом цивилизация маркази Президентнинг 2017 йил 23 июндаги қарорига асосан ташкил этилган.

 

 

У Тошкент шаҳрининг Эски шаҳар қисмида жойлашган бўлиб, 7 гектар майдонни эгаллаган.

 

Марказ уч қаватдан иборат бўлиб, биринчи қаватида «Усмон Қуръони» жойлаштирилади. Ҳозирда ушбу залнинг кўриниши қандай бўлиши ҳақида 100 дан зиёд таклифлар муҳокама қилинган.

 

Марказ биносининг узунлиги 161 метр, эни эса 118 метр. Асосий гумбазнинг баландлиги 67 метр. Бинонинг жами фойдаланиш ҳудуди 4 гектардан ошади.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

Жамият

18:07 / 05.07.2024 0 97
UzAuto Motors киберҳужумга учради

//