Али Қушчи


17:02 / 16.02.2022 1326 0

“Маънавиятимизнинг буюк сиймолари” номли лойиҳамизнинг навбатдаги сонида улуғ алломаларидан бири, “ўз даврининг Батлимуси” деб танилган Али Қушчи ҳақида сўз юритамиз. Али Қушчининг тўлиқ исми Алоуддин Али ибн Муҳаммад ал-Қушчи бўлиб, у 1403 йил 17 апрелда Самарқандда таваллуд топган.

 

Али Қушчи Мирзо Улуғбек саройида овчи қушларга қаровчи Муҳаммад исмли кишининг ўғли бўлганлиги учун унга Қушчи лақаби берилган. Отасидан етим қолганидан сўнг Улуғбекнинг тарбиясида бўлгани боис, Улуғбек уни ўз “Зиж”ининг сўз бошида “Фарзанди аржуманд” дея қуйидаги фикрларни билдиради: “Аммо иттифоқо, фарзанд аржуманд Али ибн Муҳаммад Қушчи умрининг ёш йилларидан ва гуллаган йигитлик фаслларидан бери илм-у фан замирида илғорлаб боряпти ва унинг тармоқлари бирла машғулдир. Қаттиқ ишонч ва муxаққақ умид бордурки, бунинг натижасида унинг шуҳрати яқин замонларда ва энг тез онларда жаҳоннинг атроф-у атрофларига ва мамлакатларига ёйилиб, тараннум бўлур”.

 

Али Қушчи бошланғич билимларини Самарқанд олимларидан, математика ва астрономияга оид билимларини эса Қозизода Румий ҳамда Мирзо Улуғбекдан олади. Фақатгина астрономия илми билан чекланмасдан фалсафага оид асар ҳам ёзган. Бу соҳадаги олимларнинг фикрича, ўшанда 15 ёшга кирган Али Қушчининг фалсафага оид рисоласи ҳудди шу муаммога бағишланган XIII асрнинг таниқли олими Насириддин Тусийнинг рисоласидан ўзининг кенг қамровли ва чуқур тадқиқоти билан ажралиб туради. У Улуғбек обсерваториясини лойиҳалаштириш ва қуришда, уни замонасининг энг яxши асбоблари билан жиҳозлашда фаол қатнашиб, жонбозлик кўрсатди. Бевосита юлдуз ва сайёралар xаракатини кузатди, илми фалакиётга тегишли ҳисоблашларни бажарди. Оқибатда, соҳада катта ютуқларни қўлга киритди. Улуғбек унга тўла ишонган ва ҳатто уни 1438 йилда Xитойга элчи сифатида жўнатган. Саёҳат натижасида буюк олим ер тузилиши – география ва астрономияга оид қимматли фактлар йиғиб келади ва ўз кўрган-эшитганлари асосида “Тарихи ҳоқони Чин” асарини ёзади. Али Қушчининг бу китоби 1863 йили Истамбулда босилиб чиққан ва француз олими Шарль Шопер асарни 1883 йили Парижда қайта нашр қилган.

 

Ғиёсиддин Жамшид ва Қозизода Румийлар вафотидан сўнг Улуғбек расадхонасини қуриш ва бу ердаги олиб бориладиган илмий ишга раҳбарлик қилиш Али Қушчига топширилади ва унинг раҳбарлигида расадхона тамоман қуриб бўлинади. Али Қушчи жуда кўп фаннинг турли соҳаларига оид, хусусан, астрономия масалаларини талқин этувчи асарлар, жумладан, кўп олимларнинг фикрича, йигирмага яқин фандан баҳс этувчи “Маҳбуб ал ҳамойил фи кашф ал масойил” (“Масалаларни ечишда севимли камар”), “Рисола дар илми ҳайъат”, “Рисолайи ҳисоб”, “Шарҳи қофия”, “Шарҳи шофия”, “Илми сарф” каби мукаммал илмий асарлар ёзган.

 

Али Қушчининг яна бир танилган асари “Рисоладар илми ҳайъат”дир. Бу асар 1571 йилда Абдулла Афанди томонидан усмонли турк тилига таржима қилинган. Али Қушчиннинг яна бир асари “Рисолаи ҳисоб” (“Рисолаи Муҳаммадия”)дир. Бу асарда ҳиндларнинг ҳисоб юритиш қоидалари ва астрономларнинг ҳисоб юритиш усуллари баён қилинади.

 

1428 йилда Улуғбек расадхонаси ишга туширилгач, бу ерда Улуғбек раҳбарлигида кузатувлар олиб боради, рисолалар ёзишда давом этади. Улуғбекнинг “Зижи жадиди Кўрагоний” асари ёзилишида Али Қушчининг ҳам ҳиссаси катта.

 

Улуғбек вафот этгандан кейин икки йил ўтиб, 1451 йили темурийлардан Султон Абу Саид Самарқанд тахтини эгаллади. У Улуғбекнинг яқинларига, жумладан, Али Қушчига ҳам ҳомийлик қилди. Бу даврда Самарқанддаги маданий ҳаёт бирмунча тартибга келади. Шу даврда Али Қушчи Носируддин Тусийнинг “Тажрид” номли китобига илгари ёзган шарҳини тугатиб, Султон Абу Саидга тақдим қилди. Абу Саид ўлимидан сўнг (1469) хурофот янада кучлироқ бош кўтаради. Дўстлари ва ҳомийларидан ажраган кекса олим Али Қушчи бундай шароитга бардош беролмай ўз ватанини тарк этиб, ўзга элларга кетишга мажбур бўлган.

 

Али Қушчи 1471 йили кўпгина қариндош-уруғлари ва Самарқандда ёзилган асарларнинг анча қисмини олиб, ҳаж қилиш баҳонасида Самарқанддан Табризга қараб йўл олади ва Оққуюнлилар сулоласидан бўлган Узун Ҳасан (857/1453-883/1479) ҳузурига боради. У ердан Узун Ҳасан илтимоси билан элчи сифатида Истамбулга икки юздан ортиқ уруғ-аймоғу, яқин кишилари билан бирга Султон Муҳаммад Фотиҳ ҳузурига келиб, умрининг охиригача шу ерда яшаб қолади. Бу даврга келиб Туркия султони Муҳаммад II тараққий парвар шаxс бўлиб, ўз атрофига замонасининг етук олимларини тўплаётган эди. У Али Қушчини довруғини эшитиб уни Туркияга таклиф қилади. Али Қушчи Туркияга Султон Муҳаммад II таклифига биноан келади. Бу воқеа тўғрисида олим ўз рисолаларида шундай ёзади: “Султон мени қабул қилганида унинг таклифидан мен билан сўзлашиш нияти бор эканлиги яққол кўриниб турарди. Султон мендан унга атаб илми риёзиётдан китоб ёзишимни сўради. Мен Султондан табий фанларга муҳаббат борлигини сездим ва қисқа вақт ичида илми риёзиётдан кичик китоб ёздим”. Олим Султон шарафига атаб “Китоб ал-Муҳаммад” деб номланган риёзиётга оид рисолани ёзди ва унга тақдим этди. Бу иши учун у мукофат тариқасида ҳар ойда 200 дирҳам пул оладиган бўлди. Али Қушчи 1472 йилда Истанбулдаги Айя София мадрасасига бош мударрис қилиб тайинланган. У шундан сўнг риёзиёт, фалаккиёт, адабиёт, мусиқа ва бошқа фан соҳаларидан рисолалар ёзади. Бу қисқа вақт ичида кўплаб шогирдлар етиштириб чиқаради. Али Қушчи, унинг шогирдлари ва авлодларининг Туркияда астрономик илмий мактаблар яратишдаги xизмати яxши маълум. У “Зиж Кўрагоний”ни кўп нусxада кўпайтирди ва турк тилига таржима қилди. Бугунги кунда ўша “Зиж”нинг Али Қушчи дасxати билан тўлдирилган нусxалари деярли барча кутубxоналарда сақланади. Али Қушчини буюк xизматларидан яна бири шундаки, у агарда Мирзо Улуғбекнинг “Зиж Кўрагоний” асарини Туркияга олиб келиб турк тили ва бошқа тилларга таржима қилиб тарқатмаганда эди “Буюк географик кашфиётлар” бу даражада аxамиятли бўлмас эди. Чунки XVI-XVII асрларда янги денгиз йўллари кашф қилинаётган вақтда юлдузларнинг аниқ жадвалига эҳтиёж ниҳоятда катта бўлган. Бу “Буюк географик кашфиётлар” натижасида Xристофор Колумб, Америго Веспуччи, Магеллан ва бошқа сайёҳлар инсониятга маълум бўлмаган географик ҳудудларни кашф қилган. Айнан шу даврга келиб Мирзо Улуғбек юлдузларни аниқ жадвалини тузишга муваффақ бўлган эди. Бу асар “Зиж Кўрагоний” бўлиб, у Али Қушчининг xизматлари ўлароқ бутун дунёга тарқалган эди.

 

Улуғбек мактаби намояндалари ва хусусан Али Қушчининг асарлари ва дунёқарашлари илм-фан тарихида ўзига хос ўрин тутади. Али Қушчи дунё моддий нарсалардан иборат, моддий нарсалар эса оддий ва мураккаб ҳолда бўлиб, уларда ички зиддиятлар мавжуд, деб ҳисоблаган. У фасллар алмашинувига Ернинг Қуёшга яқинлашуви сабаблигини айтган.

 

Али Қушчи XVI-XVII асрларда Ўрта ва Яқин Шарқ мамлакатларида риёзиёт фани ривожига сезиларли таъсир кўрсатган. Унинг “Ҳисоб рисоласи” асаридан Ўрта Осиё мадрасаларида ўқув қўлланмаси сифатида фойдаланилган. Бу асарда ҳиндлар арифметикаси (ўнлик саноқ тизими), фалакиётшунослар арифметикаси (олтмишлик саноқ тизими) ва геометрия (ҳандаса) ҳақида янги фикрлар айтилган. “Китоб ул-Муҳамадия” асарида Али Қушчи сонлардан ихтиёрий натурал даражали илдиз чиқариш усулларини ва Ньютон биноми формуласини кўрсатади, унинг бу усуллари ҳозирги вақтда Руффини – Горнер схемаси деб ном олган усулга ўхшашдир. Бу асарида Али Қушчи К квадрат илдизини, умуман И даражали иддизни тақрибий ҳисоблаш формулаларини беради. Шуни таъкидлаш лозимки, илдиз ишораси Туркистон олимлари асарларида қўлланилмаган: илдиз сўзлар билан ёзилган. Али Қушчи бу асарида биринчи бўлиб асослаган мусбат ва манфий атамалари, уларнинг татбиқи математика тарихида катта аҳамиятга эга. Ғарбий Европага мусбат ва манфий сонлар XV аср охирларида пизалик Леонардо асарлари орқали тарқалган. Китобда узунлик (масофа), кесмалар ва юзларни ўлчаш ва жисмларнинг ҳажмларини ҳисоблаш қоидалари баён қилинган. Бу асарда тригонометриядаги текис учбурчаклар тригонометрияси, синус ва косинус теоремалари баён этилади, баъзи шаклларнинг сиртларини ҳисоблаш учун тақрибий формулалар берилади, бу формулалар Али Қушчидан олдин ўтган олимлар асарларида учрамайди. Китобда келтирилган синуслар жадвалидаги синус функциясининг қийматлари ҳозирги замон қийматларидан деярли фарқ қилмайди.

 

Али Қушчи учбурчакнинг юзини топиш усулини ҳам берган. Ҳозирги илмий тадқиқот ишлари кўрсатишича, Али Қушчи асарларидаги тўғри чизиқли тригонометрияга доир кўп масалалар биринчи марта берилган экан.

 

Учбурчакларни ечиш масаласида конуслар теоремасини Коший ва Али Қушчи биринчи марта ишлатганлар (Европада 1593 йилда биринчи марта Виет татбиқ этган). Али Қушчи “Астрономияга оид рисола” асарида Улуғбек расадхонасида олиб борилган кузатишларнинг натижаси ўлароқ, юлдузлар ва сайёраларнинг ҳаракати, паст (перигей), юқори (апогей) масофалари ҳақидаги, фазода ҳар бир сайёранинг ўрни, Қуёш узоқлиги ҳақидаги ҳисоблашлар ва жадвалларни келтирган, Ой ва Қуёш тутилиши масалаларини ҳам жуда аниқ, тўғри ва илмий тарзда тушунтириб берган. Юқорида айтилган Астрономия рисоласида Али Қушчи тузган дунё харитаси берилган. Харитада асосан шимолий ярим шар чегаралари кўрсатилган; ундаги кўндаланг чизиқлар иқлимлар чегарасини ифодалайди. Экваторнинг шарқий ярим шаридаги узунлик 3332 фарсанг – тахминан  20 минг километрга тўғри келади. Харита бир қадар схематик тарзда тузилганлигига, унинг ҳақиқатга мос келмайдиган жойлари борлигига қарамай, у Ўрта Осиё хариташунослигининг бир намунаси сифатида аҳамиятга эга.

 

Али Қушчи вафотидан сўнг унинг шогирдлари – Мирим Чалабий, Ҳусайн Биржандий, Баҳоваддин Омулий, Нажмиддин Алихон ва бошқалар унинг илмий ишларини давом эттирдилар.

 

Али Қушчи асарлари қўлёзмалари Тошкент Шарқшунослик институтида, Душанбе, Санкт-Петербург, Машҳад, Истанбул, Оксфорд, Лейден (Нидерландия) ва Ая Сўфиё (Туркия) кутубхоналари ва бошқа жойларда сақланмоқда.

 

Али Қушчи 1474 йил 16 декабрь куни Истамбулда вафот этган. У Истамбулдаги Айюба масжиди ҳузуридаги қабристонга дафн қилинган. Масжиднинг кириш қисмида мармар тошга “Али Қушчи – илм инсони” ёзуви ўйиб ёзилган.

                             

Республика Маънавият ва маърифат маркази масъул ходими 

Бўри ҚOДИРОВ тайёрлади.

 

                   

Фойдаланилган адабиётлар:

 

1. Ўзбекистон миллий энциклопедияси. – Тошкент: “Ўзбекистон миллий энциклопедияси” Давлат илмий нашриёти, 2000, 1-жилд.

2. Аҳадова М., Ўрта осиёлик машҳур олимлар ва уларнинг математикага доир ишлари, Т., 1983;

3. Абдураҳмонов А., Улуғбек академияси, Т., 1993.

4. Маънавият юлдузлари(Тўпловчи ва масъул муҳаррир М. Хайруллаев) –      Тошкент: Абдулла Қодирий номидаги халқ мероси нашриёти, 2001

5. www.ziyo.uz.

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

//