Сиёсат
Туркиянинг «Yeni Şafak» газетаси ҳамда веб сайтида Истанбул тижорат университети ректори, профессор Южу Ўғурлу қаламига мансуб «Ўзбекистон – Марказий Осиёнинг қалби» сарлавҳали мақола нашр этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” Ахборот агентлиги.
Материалда Ўзбекистон ва Туркия муносабатларига қисқача шарҳ берилган берилган бўлиб, ушбу икки қардош мамлакат ўртасида чуқур ва мустаҳкам маданий ришталар мавжудлиги урғуланади. “Ўзбекистон ўз мустақиллигини эълон қилганда, Туркия биринчи бўлиб уни мустақил давлат сифатида тан олди. Дўст ва биродар халқлар замонавий дунё билан ҳамқадам бўлган Туркия ила алоқаларни қардошлик ҳалқаси орқали мустаҳкамлай бошлади. Чорак аср давомида Туркия ва Ўзбекистон ўртасидаги турли даражадаги муносабатлар, айниқса, 2016 йилда Ўзбекистонда раҳбарият ўзгариши билан янги босқичга кўтарилди ва бу икки томонлама муносабатларда тарихий бурилиш нуқтаси бўлди”, - деб таъкидлайди газета.
Муаллиф газетхонлар эътиборини Шавкат Мирзиёев раҳбарлиги остида мамлакат бўйлаб босқичма-босқич амалга оширилаётган “Ҳаракатлар стратегияси” тараққиёт дастурига қаратади. “Ушбу дастурда мамлакатда қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотларга устувор вазифа сифатида ўрин ажратилган. Дарҳақиқат, давлат ва жамиятни тубдан ислоҳ айлаш ва модернизация қилиш учун, аввало, фуқароларнинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш, суд ҳокимиятининг мустақиллигини таъминлаш, одил судловга эришиш, қонун устуворлигини мустаҳкамлаш ва коррупцияга қарши самарали курашиш муҳим аҳамиятга эга”.
Мақолада шунингдек, Ўзбекистон раҳбарияти томонидан ҳуқуқий эркинликлар соҳасида амалга ошираётган муҳим қадамларга тўхталиб, бундан беш аввал республикада кузатилган ҳуқуқ ва эркинликларнинг чекланиши бугунги кунда бутунлай бартараф этилгани, барча эркинликлар, жумладан, демократик ҳуқуқлар, қонун устуворлиги ва диний эркинликлар бўйича муҳим қарорлар қабул қилингани алоҳида таъкидланган.
Бундан ташқари, инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун яна бир муҳим қадам ташлангани, 50 минг нафарга яқин фуқаролиги бўлмаган шахслар Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини олиш имкониятига эга бўлганини муаллиф Шавкат Мирзиёев ҳукуматининг ажойиб ютуғи, дея қайд этади.
Мақолада Ўзбекистоннинг қўшни давлатлар билан тинч ва дўстона муносабатларни йўлга қўйгани ҳам алоҳида тилга олинган. “Маълумки, Марказий Осиё республикалари тарихий, жуғрофий ва маданий жиҳатдан яхлитдирлар. Ўзбек, тожик, қирғиз, қозоқ ва туркманлар азал-азалдан ўзаро ҳамжиҳатликда қон-қардош бўлиб яшаб келганлар”, - деб қайд этилади.
“Ўзбекистон янги раҳбариятининг инсонпарварлик сиёсати доирасида “Меҳр” номли инсонпарварлик акциялари амалга оширилди. Сурия ва Афғонистондаги уруш зоналарига бориб қолган аёллар ва болаларни мамлакатга қайтариш бўйича олиб борилган чора-тадбирлар давлатнинг ўз халқи ва миллатини ҳимоя қилиш, асраб-авайлаш, ардоқлаш каби олий инсонийлик сифатларини намоён этди.
Шавкат Мирзиёев маъмурияти инсон ҳуқуқлари бўйича ислоҳотлар билан биргаликда иқтисодиёт соҳасида ҳам кенг кўламли ўзгаришларни амалга оширди. Давлат эътибори бизнес соҳасида ҳам ўз аксини топди. Бунинг тасдиғи ўлароқ, молиявий масалаларда қатор эркинлаштиришларга йўл очилди. Ишлаб чиқариш ва экспорт ҳажмини ошириш, мамлакатга халқаро сармоялар жалб қилиш, эркин бозор механизмини ўрнатиш бўйича муҳим қадамлар қўйилди. 2017 йил сентябрь ойида валюта чекловлари олиб ташланиб, мамлакатда илгари фаол бўлган қора бозорга чек қўйилди ва қулай тарзда чет эл валютасини сотиб олиш имконияти яратилди”, - деб ёзади муаллиф.
Газета 35 миллион аҳолига эга бўлган Ўзбекистон Марказий Осиёдаги энг зич мамлакат бўлиб, минтақадаги савдо ҳажмининг катта қисмини ташкил қилишига эътибор қаратган. Мамлакатнинг савдо салоҳияти ва турли соҳаларда мавжуд сармоявий имкониятлари юқори. 2020 йилда Ўзбекистон – Туркия товар айирбошлаш ҳажми 2 миллиард долларни ташкил этди.
Муаллифнинг фикрича, Шавкат Мирзиёев олиб борган сиёсат нафақат мамлакат ичида, балки минтақада ҳам ўзгариш шамолларини олиб келди. Ўттиз йилдан бери минтақа республикаларида муаммо бўлиб келган чегара масаласи кун тартибига олиб чиқилди. Ўзбекистон ва Қирғизистон, Ўзбекистон ва Тожикистон чегараларини демаркация қилиш бўйича ижобий натижаларга эришилди. Бундан ташқари, минтақа давлатлари табиий ресурслардан ҳамкорликда фойдаланишга эътибор бера бошлади. Энг муҳими, Ўзбекистон Тожикистон ва Қирғизистондаги гидроэлектр лойиҳаларига кўрсатиб келинган узоқ йиллик салбий муносабатини ўзгартирди. Бундан ташқари, ушбу ёндашувлар доирасида минтақа давлатлари энергия, транспорт ва логистика соҳасидаги умумий инфратузилма муаммоларини бартараф этишга жиддий эътибор бера бошлади.
“Ўзбекистоннинг ўтмишдаги ва мавжуд геостратегик мавқеи ҳамда тарихий вазифаси инобатга олинса, унинг глобал сиёсатдаги ўрни ва роли тобора юксалиб бораверишини тахмин қилиш мумкин. Дарҳақиқат, инсоният тамаддунининг яратилиши ва ривожига мезбонлик қилган бу табаррук замин Марказий Осиёнинг юраги ва унинг тақдирини ҳал қилувчи шавкатли диёрдир. Ўзбекистон ўз тарихига муносиб келажагини барпо этмоқда”, - дея комил ишон билдиради туркиялик олим «Yeni Şafak» газетасида чоп этилган мақоласида.
Илм-фан
Жамият
Жамият
Жамият
Жаҳон
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
//
Изоҳ йўқ