«Нуриллабой» мажмуаси ҳудудида йога машғулоти ўтказилгани тўғрисидаги хабарларга расмий муносабат билдирилди

Сақлаш
10:10 / 02.06.2026 17 0

Маданий мерос агентлиги Хива шаҳридаги «Нуриллабой» тарихий мажмуаси ҳудудида йога машғулотлари ўтказилгани юзасидан тарқалган хабарларга аниқлик киритди.


Унга кўра, Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 19 майдаги 297-сон қарорига мувофиқ «Нуриллабой» тарихий мажмуасининг бино-иншоотлари «Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банки» акциядорлик жамиятига ижара тўловининг «ноль» ставкаси бўйича ижарага берилган. Ҳозирги кунда эса «Нуриллабой» мажмуаси музей сифатида фаолият юритиб келмоқда ва ташриф буюрувчиларга белгиланган тартибда чипта асосида хизмат кўрсатилмоқда.

 

Шу ўринда алоҳида таъкидлаш лозимки, ижтимоий тармоқларда «Ферузхон мақбараси» сифатида тилга олинаётган жойда мақбара мавжуд эмас. Мазкур ҳудуд тарихан Хива хонларининг қабул маросимлари ва расмий учрашувлари ўтказилган (Исфандиёрхон) қабулхонаси ҳисобланиб, у зиёратгоҳ ёки дафн жойи ҳисобланмайди. Йога машғулотлари ҳам айнан ушбу ҳудудда музей экспозицияси ва ташриф буюрувчилар учун очиқ бўлган майдонда, белгиланган тартиб асосида чипта орқали кирилган ҳолда ташкил этилган.

 

«Нуриллабой» мажмуаси Хиванинг бой тарихий ва меъморий меросининг ажралмас қисми ҳисобланади. Ушбу ҳудуддан фойдаланишда унинг тарихий қиёфаси, маданий аҳамияти ва муҳитини сақлашга алоҳида эътибор қаратилади. Шу билан бирга, мажмуада ташкил этиладиган барча тадбирлар амалдаги тартиб-қоидалар ва миллий меросга ҳурмат тамойиллари асосида амалга оширилишини маълум қиламиз.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//