Тараққийпарвар жадид Обиджон Маҳмудов таваллудига бағишланган анжуман ўтказилди

Сақлаш
12:50 / 15.05.2026 19 0

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейида жадидчилик ҳаракати намоёндаларидан бири Обиджон Маҳмудов таваллудининг 155 йиллигига бағишланган “Обиджон Маҳмудов – сахий тадбиркор, тараққийпарвар жадид ва публицист” мавзусида республика илмий-амалий анжумани ўтказилди.

 

 

Мазкур анжуман миллий уйғониш даври зиёлиларининг бой маънавий меросини ўрганиш, жадидчилик ҳаракатининг тарихий аҳамиятини кенг ёритиш ҳамда Обиджон Маҳмудовнинг ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ва маърифий фаолиятини илмий жиҳатдан тадқиқ этиш мақсадида ташкил этилди.

 

Тадбирда юртимиздаги олий таълим муассасалари, илмий тадқиқот институтлари, музейлар ва архив муассасалари олимлари, тарихчилар, файласуфлар, адабиётшунослар, журналистлар, ёш тадқиқотчилар ҳамда Обиджон Маҳмудовнинг авлодлари, талабалар  иштирок этди.

 

Анжуманда Обиджон Маҳмудовнинг ҳаёт йўли ва мероси Фарғона водийсида жадидчилик ҳаракати, жадидларнинг маданий-маърифий ва ижтимоий-сиёсий фаолияти, Туркистон миллий матбуоти, “Туркистон Мухторияти” ва миллий давлатчилик ғоялари каби йўналишлар доирасида муҳокама қилинди.

 

 

Маърузачилар биринчи ўзбек тоғ-кон муҳандисларидан бири О.Маҳмудовнинг ўз сармояси ва имкониятларини миллат маърифати, илм-фан ва миллий уйғониш йўлига бағишлагани, Қўқонда янги усулдаги мактаб ташкил этиб, жадид таълими ривожига қўшган ҳиссаси хусусида батафсил тўхталиб ўтдилар. Шунингдек, унинг ташаббуси билан Фарғона водийсидаги биринчи миллий матбуот нашрларидан бири – “Садойи Фарғона” газетаси ташкил этилгани, “Тирик сўз” газетаси фаолияти, барча тазйиқларга қарамасдан, маънавий эътиқоди ва миллат тақдирига бўлган садоқати сўнмагани хусусида фикр юритдилар.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//