Педагогларнинг талаба фарзандлари контрактига 30 фоиз чегирма берилиши мумкин

Сақлаш
09:30 / 15.05.2026 11 0

Ўзбекистондаги давлат олий таълим ташкилотларига ўқишга кирган педагоглар фарзандларининг тўлов-контракт суммасига 30 фоиз чегирма берилиши мумкин. Бу ҳақдаги ҳукумат қарори лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қоъйилди.

 

Чегирма фақат давлат ОТМлари учун, кундузги таълим шаклида ва бакалавриат босқичида ҳар ўқув йилида бир марта қўлланилади. Магистратура, сиртқи, кечки, масофавий, қўшма дастурлар ва супер-контракт учун амал қилмайди. Имтиёздан фойдаланиш учун ҳар йили онлайн ариза топшириш талаб этилади.

 

Чегирма беришда фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари таъминланади ҳамда нотўғри маълумот тақдим этиш ҳолатлари аниқланганда белгиланган тартибда қайта ҳисоб-китоб қилинади. Ариза берувчи педагогнинг фарзанди эканлиги ёки мазкур мақомдан чиқарилгани давлат олий таълим ташкилотининг тегишли ахборот тизими орқали юборган электрон сўровига асосан «Электрон ҳукумат» тизимининг идоралараро интеграциялашув платформасидан олинган электрон маълумотлар асосида тасдиқланади.

 

Талабгорлар мустақил равишда ўзлари таълим оладиган ОТМнинг ректори номига ўқув йили учун тўлов-контракт суммасига 30 фоизлик чегирма қўлланиши юзасидан «Талабаларга шартнома асосида кўрсатиладиган хизматлар ҳисобини юритиш ахборот тизими» ( контракт.эду.уз ) орқали ариза юборади. Яъни чегирма 1 йиллик шартнома суммасидан ҳисобланади, масалан, йиллик шартнома суммаси 15 млн сўм бўлса, 4,5 млн сўм чегирма берилади ва йиллик сумма 10,5 млн сўмга тушади.

 

Давлат ОТМларига ўқишга кирган педагоглар фарзандларининг контракт суммасига чегирма жорий этиш билан боғлиқ харажатларни бюджет ҳисобидан қоплаш 2026 йилда Ўзбекистоннинг республика бюджетидан биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчи сифатида Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигига ажратилган маблағлар доирасида молиялаштирилади, 2027 йилдан бошлаб эса бюджет параметрларида назарда тутилмоқда.

 

Талабгорнинг отаси ёки онаси педагог тоифасидан чиқарилган тақдирда кейинги ўқув йилидан бошлаб унга чегирма қўллаш тўхтатилади.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//