
Маданият
Ҳазрат Алишер Навоийнинг илк девонларида учрайдиган айрим мустазодлар кейинги девонларда айрим ўзгаришларга учраган. Шоир умри давомида уларни ҳам бадиий, ҳам шакл ва мазмун жиҳатдан сайқаллаб, таҳрир қилиб борган. “Навоий сабоқлари” рукнида эълон қилинган таниқли олим Нусратулла Жумахўжанинг “Навоий илк лирикаси мустазодлари тадрижий такомили” номли мақоласида улкан сўз санъаткорининг айни масаласадаги изланишлари тадқиқ қилинади. Мақола билан “Жаҳон адабиёти” журналининг 2025 йил 6-сонида танишинг.
Америкалик драматург ва режиссёр Вуди Аллен ХХ аср кино ва театр санъати ривожига улкан ҳисса қўшган ижодкор саналади. У инсонни ўзига хос тарзда талқин қилади. Адиб асарларида ҳар бир одам ўз тақдирининг эгаси, унинг ибтидоси ҳам, интиҳоси ҳам, бахту фожиаси ҳам фақатгина ўзи эканлигини таъкидлайди. Шоҳиста Ниёзметова инглиз тилидан таржима қилган “Қочаётганлар ва қуваётганлар” драмасида бу фикр авж нуқтасига чиқади. Асарда инсон нафақат ўзининг яратувчиси, балки қотили ҳамдир, деган фикрни ўртага ташланади.
“Юшка” – Андрей Платоновнинг шу номдаги ҳикояси қаҳрамони. У ҳамиша афтода, бечораҳол, хокисор яшайди. Қишлоқдаги катта-ю кичикнинг эрмаги, овунчоғи, кези келганда ҳамманинг эркалигини кўтарадиган оғир табиатли одам ҳам шу. Бор-йўғи қирқ ёшида қаримсиқ чол қиёфасини эслатувчи бу дарбадар инсон кўп яшамади. Вафотидан кейин эса унинг аслида ким бўлгани, қандай яшагани, умрини не заҳматларга тиккани аён бўлди. “Ёш таржимонлар минбари” рукнида эълон қилинган мазкур асарни рус тилидан Муниса Сатторова таржимада ўқийсиз.
Қозоқ ёзувчиси Мағжон Жумабойнинг “Шолпаннинг гуноҳи” ҳикояси оламнинг энг буюк жумбоғи – аёл ҳақида. Асар қаҳрамони зулматга ботган ҳаётини нурга тўлдириш учун, кўнглининг энг тубидаги муқаддас орзуси томон тинимсиз талпинади. Аммо тақдир у истаган бахтни бермайди. Аёл чидолмайди: охир-оқибат исён қилади. Тийиқсиз ва асов исён эса Шолпанни ўзи билан олиб кетади. Ҳикояни қозоқ тилидан Раъно ва Роза Қурбоновалар таржима қилган.
Шунингдек, кейинги саҳифаларда “Фалсафий ривоятлар” (Жуброн Халил Жуброн), “Сирли боғ” (Фрэнсис Элиза Бёрнетт), “Ал-аъшо кўчасидаги муҳаббат” (Бадрия ал-Бишр) романлари, “Турк ҳикоялари” (Эндар Холиқ Деринжа), “Ҳаётнинг тотли бир лаҳзаси” (Элис Монро) ҳикояси, жаҳон шеърияти намуналари ҳамда “Матн ва талқин” (Абдурасул Эшонбобоев) мақоласи ўрин олган.
Жамият
Жамият
Маданият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
//
Изоҳ йўқ