
Жамият
Қарийб етти ой аввал қабул қилинган Тошкентнинг 2045-йилгача бўлган бош режасига ўзгартиришлар киритиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда 17-июль куни Савдо-саноат палатаси билан бўлиб ўтган йиғилишда тадбиркор, Мурад Буилдингс қурилиш компанияси асосчиси Мурод Назаров маълум қилди.
“Мана, Худо хоҳласа, кутяпмиз. Тошкент шаҳрининг бош режасига коррексия киритиляпти. Худо хоҳласа, яқинда чиқиб қолади. Ва [бош режага кўра], Тошкент шаҳрини оладиган бўлсак, қурилишлар бундан буён асосан ё реноватсия, ё реконструксия ҳудудларида бўлади”, — дейди у.
Тадбиркорнинг таъкидлашича, дарахтларни кесишга мораторий қўйилган бўлса-да, қурилиш ишлари давомида ускуналар кўпинча дарахтларга зарар етказади.
“Ҳамма жойларда дарахт бор, ҳар бир бинонинг атрофида дарахт бор. Ва дарахтларни ўша ўйламасдан кесиб ташлагани учун, катта резонанс олиб келгани учун мораторий қўйилганди бунга. Лекин, тўғрисини тан олиш керак, бу жойларда, мана, реконструксия қиладими, реноватсия қиладими, ўша ҳатто реконструксия пайтида техникани қўяман деса ҳам, дарахтлар халақит беради-да. Ва қанақадир йўллар билан барибир ҳам дарахтлар кесиляпти”, — дея таъкидлади у.
Мурод Назаров чекловлар “қайтанга коррупсияни кучайтиришини” таъкидлаб, унинг ўрнига олдиндан дарахт экиш йўли билан мажбурий компенсатсия механизми — “дарахтлар банки”ни жорий этишни таклиф қилди. Қурилиш компаниялари ҳам, учинчи шахслар ҳам ундан фойдаланиши мумкин бўлади.
“Масалан, бизлар биламиз, кейинги йил, ундан кейинги йил тахминан қанча қурилиш қиламиз, тахминан қанча дарахт кесилиши мумкин. Ўша раён чегарасида олдиндан экиб қўяйликки, эртага нечта дарахт кесишга тўғри келса, диаметри, ўша кўрсаткичлари бўлсин, битта катта диаметрга нечта кичкина диаметр тўғри келади, ҳокимиятнинг балансига ўтказиб кетаверади”, — деди у.
Мурод Назаров тахминий тартибни таклиф қилди: компенсатсия тўлашда дарахт танасининг ўлчамини ҳисобга олиш керак: “Масалан-да, 40 диаметрли, сантиметрли дарахтни кесяпти. Ўша регламентда ёзилган: 40 диаметрли бўлиши учун 20 ёки 15 диаметрли дарахтдан 10 та бўлиши керак”.
Тадбиркорнинг қўшимча қилишича, айрим ҳолларда қурилиш компаниялари диаметри бўйича ҳатто уч-тўрт баробар кўпроқ дарахт экишга ҳам тайёр.
Бундай тизим бошқа компанияларни ҳам рағбатлантириши мумкин, деди Мурад Буилдингс асосчиси:
“Мана бу ерда, мана, Мурад Буилдингс, масалан, 1000 та дарахт экиб қўйди. Мирободдаги ўша 1000 та дарахт туфайли, у, масалан, 50 та дарахтни бошқа жойда кесиш ҳуқуқига эга бўлади, минус-минус қилиб кетаверади. Ҳатто бу ерда зўр тарафи, бошқа учинчи шахсларни ҳам мотиватсия қиламизки, улар олдиндан экиб қўяди. Керак бўлса, бошқа қурувчига сотсин кейин ўша лимитини. Ҳамма дарахт экишга тушиб кетади, жой қидириб”, — дейди у.
“Буни учинчи шахслар ўз зиммасига олса ҳам яхши. Қурилиш компанияси ўзи кўчат экмаса, шу учинчи шахслардан „лимит“ сотиб олсин. Шунда дарахт экиш инвеститсия бўлиб қолади”, — дейди тадбиркор.
Битта чинор соя бериши учун 7−10 йил вақт керак
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Бобур Бекмуродов дарахтларни кесишни қонунийлаштиришга уринишларга қарши чиқди.
“Мораторий муҳокама мавзуси эмас. Девелопер дарахт кесишни қонунийлаштириш керак, деяпти. Экологлар эса девелоперлар уйларини шаҳардан ташқарида қурсин, деяпти. Нима ҳақиқат эканлигини белгиловчи — бу жамоатчилик. Бугун одамлар шаҳар марказида қурилишлар эмас, яшил ҳудудларни кўпайтириш тарафдори”, — дея таъкидлади у.
Бекмуродов, шунингдек, кесилган дарахтлар ўрнига янги дарахтлар экиш ҳақидаги баҳсларни ҳам танқид қилди.
“Битта чинор бироз соя бериши учун 7−10 йил вақт керак. Таклиф бераётган девелопер шунча йил олдин дарахт экиб, боғ яратдими?” — деб сўради депутат.
Ўзбекистонда дарахт кесганлик учун жазо чораларини кучайтириш кўзда тутилган қонун 2024-йил 1-мартдан кучга кирган. Президент томонидан имзоланган қонун билан айрим қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 79-моддасига ўзгартириш киритилган. Унга кўра дарахтлар, буталар, бошқа ўсимликлар ва ниҳоллар қонунга хилоф равишда кесиш, кундаков қилиш, шикастлантириш, йўқ қилиш ёки бошқа жойга кўчириб ўтказганлик учун:
− фуқаролар БҲМнинг 25 бараваридан 50 бараваригача,
− мансабдорлар БҲМнинг 50 бараваридан 75 бараваригача жаримага тортилади.
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
//
Изоҳ йўқ