“Бош бўри авлодлари”, “Кибр-ҳавоси тошаётган дунё тасвири”, “Ўзга олам одами” – “Маънавий ҳаёт” журналининг янги сонида нималарни ўқиймиз?

Сақлаш
14:48 / 11.07.2025 5 0

“Бинобарин, араб ва форс тилларига эътибор берилиб, турк тили камситилган. Ана шундай шароитда Ҳусайн Бойқаро ёзувда турк тилини истеъмолга киритиш борасида махсус фармон берган. Бу дадил қадам мамлакатнинг сиёсий, ижтимоий ва маданий ҳаётида катта воқеа бўлгани шубҳасиз.” Мазкур парча филология фанлари номзоди, доцент Сайфиддин Рафиддиновнинг туркий тилни жаҳон миқёсига олиб чиқишдаги Алишер Навоийнинг бемисл хизматлари ҳақида сўз борган “Тил ва эл” мақоласидан. Мақоланинг тўлиқ матни билан “Маънавий ҳаёт” журналининг 2025 йил 2-сонида танишинг.

 

“Худони таниган аждодларнинг бу гаплари Толстойнинг бир қаҳрамонини эслатади. Ортидан арслон қувган йўловчи сувсиз қудуққа тушиб кетади ва ярим йўлда бир янтоқнинг илдизига осилиб қолади. У шўрлик амаллаб пастга боқса, вишиллаган бир аждарҳо ётибди. Юқорида эса кўзи қонга тўлган шер. Шу дам ҳалиги банда ўзи осилиб турган янтоқ илдизида ялтираб турган икки томчи асални кўради. Амаллаб асални ялайди. Ва унга асал жуда ширин туюлади. Толстой дейди: “Тепадаги арслон ва пастдаги аждарҳони кўриб туриб мен асалдан маза қилолмайман, уни ялаб ҳузурланишга кўнглим чопмайди сира!”. Биз бугун фақат ўша асални кўраяпмиз, уни ялаб маза қилишдан тўхтамаяпмиз. Аждарҳони ҳам, шерни ҳам кўриб кўрмасликка олаяпмиз.” Шоир Шодмонқул Саломнинг бир аср орасида одамларнинг маънавий ва моддий оламидаги ўзгаришлар ҳақидаги фикр-мулоҳазалари “Кибр-ҳавоси тошаётган дунё тасвири” сарлавҳаси остида эълон қилинган.

 

“Тролл – шу номли афсонавий махлуқ бор, аммо замонавий талқини инглизча trolling – балиқ овламоқ сўзи билан боғланади. Балиқчи хўрак ташлаб ўлжасини чалғитгани каби ижтимоий тармоқда одамларни чалғитиб, фикрини бошқа томонга йўналтирадиган ёлланма одамлар тушунилади.” “Эшиклар очиқ, лекин...” мақоласида она тилимизга кириб келаётган ҳамда ўзлашаётган янги (чет) сўзлар ва уларнинг бисотимиздаги муқобили ҳақида мутахассисларнинг тавсиялари билан танишасиз.

 

Журналнинг кейинги саҳифаларида “Рангларни эшитиш керак” (Акмал Нур), “Одам демак – курашчи демак” (Абдухалил Маврупов), “Эгаликми ё қуллик” (Барно Султонова) мақолалари, “Сеҳрли дунёнинг самовий тулпорлари” (филология фанлари доктори Эркин Мусурмонов билан) суҳбати, “Бир кишилик авиаҳалокат” (Хайриддин Султон) ҳикоясини ўқишингиз мумкин. Шунингдек, “Ўзга олам одами” (шоир Абдували Қутбиддин ҳақида хотиралар), “Томчи эффекти” (Азиз Норқулов), “Ғамли ун чиқмас, “галдир” йиғламаса” (Мамлакат Улашева), “Дурбин ва қалам” (Мусулмон Намоз) мавзуларида сўз боради.

 

“Ўзимизни енга олмаслигимиз, ўзимиз билан курашда енгилишимиз, тафаккурдаги ҳафсаласизлигимиз, маънавий ҳаётдаги мудроқлигимиз, шахсий ҳаётни жамият ижтимоий мўлжали билан уйғунлаштиришдаги нўноқлигимиз энг катта камчиликларимиздан бири. Арастунинг қуйидаги гаплари жуда ўринли: “Истакларини енга олганлар букилмас инсонлардир. Ўзини мағлуб эта олганлар жасур ва мардонадирлар” “Одам демак – курашчи демак” мақоласидан олинган ушбу парчани журналнинг мазкур сонига хулоса ўрнида келтирдик. “Маънавий ҳаёт”ни мутолаа қилинг, шахсий ҳаётингизни жамият ижтимоий мўлжали билан уйғунлаштиришда моҳир бўлинг.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//