Жорий йилдаги жиноятларнинг 42 фоизини қайси жиноят тури ташкил этиши очиқланди

Сақлаш
09:36 / 09.07.2025 5 0

Шавкат Мирзиёев 8-июль куни маҳаллада жиноятчиликни жиловлаш ва қонун устуворлигини таъминлаш чора-тадбирларига оид тақдимот билан танишди, деб хабар берди президент матбуот хизмати.

 

Давлат раҳбари январда имзолаган қарорда соҳа идоралари учун 2025-йилда ҳар бир маҳаллада ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш устувор вазифа этиб белгиланганди ҳамда криминоген вазияти оғир маҳаллаларга масъул раҳбарлар номма-ном бириктирилган.

 

Қарорга асосан ўтган олти ойда ҳар бир вилоят, туман ва маҳалла бўйича манзилли “йўл хариталари” асосида ижтимоий профилактиканинг самарали тизими йўлга қўйилиб, жамоат жойларини рақамлаштириш қамрови оширилган ва ҳуқуқ-тартибот олийгоҳлари томонидан илмий-амалий ўрганишлар ўтказилган.

 

Алоҳида эътибор вояга етмаганлар, ёшлар, аёллар ва оила-турмуш муносабатлари доирасидаги жиноятчиликни жиловлашга қаратилган. Бунинг натижасида 5200 та маҳаллада бирорта ҳам жиноят бўлмаган.

 

Лекин бу борада криминоген вазияти оғир маҳаллалар ҳали ҳам бор, қайд этди президент матбуот хизмати.

 

Шу сабабли профилактика инспекторлари, тезкор-қидирув, патруль-пост ва қўриқлаш хизмати фаолиятини кучайтириб, аҳоли хавфсизлигини жойларда таъминлаш шартлиги қайд этилди. Бутун тизимни пастга тушириб, ҳар бир маҳаллани “жиноятчиликдан холи ҳудуд”га айлантириш режалаштирилмоқда.

 

Йиғилишда аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида гиёҳвандлик ҳолатлари кўп учраётгани айтилди. Бунга қарши курашилаётган, зарарли воситалар ва лабораториялар йўқ қилинаётган бўлса-да, муаммо тўла бартараф бўлмаган. Шу боис видеокузатув камералари ва сунъий интеллектни қўллаб, гиёҳвандлик моддалари тарқалишини аниқлаш, манбасини таг-томири билан йўқ қилиш кераклиги кўрсатиб ўтилди.

 

Қайд этилишича, йил бошидан буён содир этилган жиноятларнинг 42 фоизини кибержиноятлар ташкил қилади. Президент уларнинг олдини олиш, аҳолининг бу борадаги билими ва огоҳлигини кучайтириш, тўлов тизимларида мижозларнинг манфаати ва молиявий хавфсизлигини таъминлаш зарурлигини таъкидлади.

 

Соҳа ходимларининг билим ва малакасини ошириш — замон талаби, деди у. Шу боис Ички ишлар вазирлиги академияси фаолиятини такомиллаштириш кўзда тутилган. Жумладан, унга қабул квотасини босқичма-босқич ошириш, янги йўналишлар очиш ва дуал таълимни ривожлантириш режалаштирилмоқда.

 

Давлат раҳбари таълим ва малака дастурларини замонавий хавф-хатарларга мослаштириш, ходимларнинг жанговар ва руҳий шайлигини ошириш бўйича кўрсатмалар берди.

 

Ички ишлар тизими, хабарга кўра, прокуратура ва бошқа ҳуқуқ-тартибот идоралари билан узвий иш олиб бормоқда. Хусусан, республикадаги криминоген вазият кундалик таҳлил қилиниб, манзилли назорат тадбирлари ўтказилмоқда. Ҳар бир жиноятнинг сабаблари ўрганилиб, қайта такрорланмаслиги чоралари кўрилмоқда. Муқаддам судланган ёки маъмурий назоратдаги инсонларнинг ижтимоий шароитларини яхшилашга кўмаклашилмоқда.

 

Ҳуқуқ-тартибот идоралари ишининг ўзаро мувофиқлиги ва тезкорлигини кучайтириб, қонунбузилишларнинг асл омилларини ўз вақтида аниқлаш, жиноятчиликни кескин камайтириш бўйича қўшимча вазифалар белгиланди. Мамлакатдаги тинчлик-осойишталик ва қонун устуворлиги иқтисодиёт ривожи, аҳоли фаровонлигининг муҳим шарти экани таъкидланди.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//