40 та ижодий устахонадан иборат Ёш рассомлар маркази очилади
Маданият
Ўзбекистон Республикаси президентининг 01.07.2025 йилги қарори билан мамлакатда тасвирий ва амалий санъат соҳасини янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар белгиланди.
Тасвирий ва амалий санъатни ривожлантириш ва жаҳон миқёсида оммалаштириш учун Ўзбекистон Бадиий академияси фаолиятининг асосий устувор йўналишлари бўлади:
- - тасвирий ва амалий санъат ҳамда дизайн соҳаси ходимларини моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг самарали ижод қилиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш;
- - истеъдодли ёш рассомлар учун мўлжалланган ижодий устахоналар фаолиятини ташкил этиш, уларнинг шахсий ва жамоавий кўргазмаларини уюштириш;
- - истеъдодли ёшларни креатив лойиҳаларга кенг жалб этиш;
- - халқаро ҳамкорликни ривожлантириш ва бошқалар.
Ўзбекистоннинг 2026—2027 йилларга мўлжалланган ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастури доирасида қуйидагилар режалаштирилмоқда:
- - Бадиий кўргазмалар дирекциясининг кўргазма залини реконструкция қилиш, Замонавий галерея биносини қуриш ва 40 та ижодий устахонадан иборат Ёш рассомлар маркази фаолиятини йўлга қўйиш;
- - миллий усулда қоғоз тайёрлаш бўйича ўқув-ишлаб чиқариш устахонасини яратиш;
- - Павел Бенков номидаги Республика ихтисослаштирилган рассомлик мактабининг қўшимча ўқув биносини қуриш.
Ҳужжатда истеъдодли ёш рассомларни устоз-шогирд анъаналари асосида тарбиялаб келаётган таниқли ижодкорларни Бадиий академияга ажратилган давлат бюджети маблағлари ҳисобидан ҳар ой меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 1,6 бараваригача миқдорда қўшимча рағбатлантириш назарда тутилган.
2026/27-ўқув йилидан бошлаб Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида:
- -ташқи ўриндошлик асосида фаолият юритаётган илмий даража ва илмий унвонга эга ижодкор педагог кадрлар мазкур таълим ташкилотининг илмий салоҳият кўрсаткичларида инобатга олинади (асосий иш жойи бошқа ОТМларда бўлган ходимлар бундан мустасно);
- - институт педагоглари томонидан яратилган юксак бадиий асарлар монографияга тенглаштирилади;
- - «рангтасвир», «амалий санъат» ва «дизайн» бакалавриат таълим йўналишлари ҳамда магистратура мутахассисликлари бўйича «психология» ва «педагогика» фанларидан таҳсил олган битирувчиларга умумий ўрта таълим муассасаларида тасвирий санъат фанидан дарс беришга рухсат этилади.
Шунингдек, 2025 йил 1 июлдан бошлаб Бадиий академия марказий аппарати ва унинг Қорақалпоғистон бўлими ходимлари учун давлат бюджети маблағлари ҳисобидан ойлик рағбатлантириш устамаси белгиланади:
- - ходимларнинг лавозим маошига 200 фоиз миқдорида;
- - ходимларнинг лавозим маошига кўп йиллик хизмат муддати учун (хизмат кўрсатувчи ва техник ходимлардан ташқари) коэффициент ҳисобида:
- - 1 йилдан 5 йилгача — 0,3;
- - 5 йилдан 10 йилгача — 0,6;
- - 10 йилдан 15 йилгача — 0,9;
- - 15 йилдан ортиқ — 1,2.
Шунингдек, қарор билан тасвирий ва амалий санъат соҳасини янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар дастури тасдиқланди.
Изоҳ йўқ