Шавкат Мирзиёев Фаластин–Исроил низосининг ягона ечими ҳақида гапирди

Сақлаш
11:13 / 07.04.2025 14 0

Шавкат Мирзиёев Парламентлараро иттифоқнинг 150-юбилей Ассамблеяси ялпи мажлисида нутқ сўзлади.

 

Нутқ аввалида давлат раҳбари дунёнинг барча қитъаларидан Ассамблеяда иштирок этиш учун келган нуфузли делегацияларни самимий қутлади.

 

«Ўз сафида 181 та миллий парламент ва 15 та минтақавий уюшмани бирлаштирган Иттифоқнинг Ассамблеяси илк марта Марказий Осиё минтақасида бўлиб ўтмоқда. Анжуманнинг азим пойтахтимиз – Тошкент шаҳрида ўтказилаётгани бизга улкан ифтихор бағишлайди.

 

Бундай юксак ишонч ва эҳтиромни биз юртимизда олиб борилаётган кенг кўламли демократик ислоҳотлар, парламентаризм ва вакиллик ҳокимиятини ривожлантириш борасида эришилаётган катта натижаларнинг эътирофи, деб қабул қиламиз» деди Ўзбекистон етакчиси.

 

Шавкат Мирзиёев нутқи давомида бир қатор масалаларга алоҳида тўхталиб ўтди.

 

Жумладан, улардан бири жаҳоннинг турли минтақаларидаги низолар глобал ва минтақавий тинчлик ва хавфсизликка жиддий таҳдид солаётганидир.

 

Президент Ўзбекистон ҳар қандай зиддият ва қарама-қаршиликларни фақат дипломатия ва тинч музокаралар йўли билан ҳал этишнинг қатъий тарафдори эканини яна бир бор таъкидлади.

 

«Умид қиламизки, Украина атрофидаги вазият бўйича бошланган музокаралар жараёни ўзининг ижобий натижасини албатта беради.

 

Энг оғриқли муаммоларга халқаро ҳуқуқнинг умумеътироф этилган меъёрлари, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Низоми ва резолюциялари асосида ечим топиш муҳим, деб ҳисоблаймиз.

 

Жумладан, Фаластин – Исроил низосининг ягона ва адолатли ечими «икки халқ учун – икки давлат» тамойилини рўёбга чиқаришдан иборатдир», деди Ўзбекистон раҳбари.

 

Шунингдек, Президент Афғонистон ҳақида ҳам тўхталиб ўтар экан, ушбу мамлакатнинг халқаро майдонда яккаланиб қолишига йўл қўймаслик, амалдаги ҳукумат билан конструктив мулоқот ўрнатиш, Афғонистонга Марказий Осиё минтақасининг ажралмас қисми ва янги имкониятлар макони сифатида қараш лозимлигини билдирган. Бу борада парламентларнинг кўмагига ишонишини маълум қилган.

 

Кейинги масала иқлим ўзгаришлари бўлди.

 

«Иқлим ўзгариши мавзуси Ассамблеянинг кун тартибидаги бош масалалардан бири сифатида доимий ўрин олиши керак, деб ҳисоблаймиз» деди Шавкат Мирзиёев.

 

Шунингдек, Президент қуйидаги масалаларга ҳам тўхталиб ўтди:

▪️ Хотин-қизлар ҳуқуқларини қатъий қарор топтириш;

 

▪️ Ёшларнинг парламент фаолияти билан бир қаторда жамият ҳаётининг барча жабҳаларида тўлақонли иштирок этиши учун уларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш;

 

▪️ Ҳар бир инсоннинг ижтимоий ҳимояга бўлган ҳуқуқларини таъминлаш, халқаро стандарт ва меъёрлар асосида сифатли хизматлар кўрсатиш;

 

▪️ Сунъий интеллект соҳасида тизимли ҳамкорликни кучайтириш.

 

«Бизнинг барча таклиф ва ташаббусларимиз Парламентлараро Иттифоқнинг Стратегияси мақсадларига тўла мос экани билан аҳамиятлидир.

 

Шу билан бирга, ёндашувларимиз бугунги тарихий Ассамблея якунлари бўйича қабул қилинадиган Тошкент декларациясида ҳам ўз ифодасини топади, деб ишонаман» деди Ўзбекистон Президенти.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//