Жаҳон қурғоқчилик атласи тақдим этилди

Сақлаш
18:23 / 06.12.2024 28 0

Бутунжаҳон қурғоқчилик атласи эълон қилинди. Унда Ўзбекистон ҳам бор.

 

Мутахассислар қурғоқчилик одамларнинг турмуш тарзига ва бутун дунё бўйлаб экотизимларнинг яхлитлигига тобора кўпроқ таъсир кўрсатаётганини таъкидлар экан, ушбу муаммо билан боғлиқ бўлган хавфларнинг барқарор ечимларини топишда сувга чидамлиликнинг тизимли чора-тадбирларини ишлаб чиқиш зарурлигини уқтирмоқда.

 

Маълум бўлишича, қурғоқчилик қишлоқ хўжалиги, савдо ва экотизимларга таъсир қилади. Жумладан, тақдим этилган Бутунжаҳон қурғоқчилик атласи ҳосилдорликнинг келажакда сезиларли даражада пасайишига ишора қилмоқда. Дунёнинг катта ҳудудлари такрорий ва доимий қурғоқчиликка дучор бўлиши, бошқалари эса иқлимий жиҳатдан ўзига хос экинлар учун яроқсиз бўлиб қолиши мумкин.

 

Таҳлилларга кўра, 2050 йилга бориб дунё аҳолисининг 75 фоизи қурғоқчиликдан азият чекиши мумкин. Бунда энг катта хавф Ҳиндистон ҳудудига тўғри келади. Мамлакатда соя ҳосилининг йўқолиши ва ҳосилнинг етишмаслиги қишлоқ хўжалигида миллионлаб одамларга таҳдид солади.

 

Тадқиқот хулосасида бугунги кунда қурғоқчиликнинг кенгайишига сабаб бўлаётган омиллар қуйидагича келтирилади:

▪️ сувдан беқарор фойдаланиш ва рақобат;

▪️ ердан ёмон фойдаланиш;

▪️ иқлим ўзгариши натижасида ёғингарчиликнинг ўзгарувчанлиги;

▪️ тез урбанизация ва ресурсларни нотўғри бошқариш.

 

Қурғоқчилик таъсирини кучайтирадиган ва унинг глобал миқёсда тарқалишига имкон берадиган яна бир омил – бу «виртуал сув савдоси».

 

Бу атама глобал миқёсда сотиладиган ва ишлаб чиқарилган жойдан бошқа ҳудудларда ишлатиладиган маҳсулотларни, айниқса, озиқ-овқат маҳсулотларини тайёрлашда фойдаланиладиган сувга нисбатан қўлланилади.

 

Қурғоқчилик қишлоқ хўжалиги ва савдодан ташқари экотизимларга ҳам зарар этказади. Кичик ва катта сув айланишларининг бузилиши биологик хилма-хилликка таъсир қилади ва камайтиради. Бундан ташқари, тупроқдаги озуқавий моддаларни йўқ қилади ҳамда ер ости сувларининг қайта тикланишига тўсиқ бўлади. Ушбу ўзгаришлар нафақат келажакдаги қурғоқчиликка чидамлиликни пасайтиради, балки маҳаллий экотизимлар ва глобал экологик барқарорликка жиддий таъсир кўрсатади.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//