“Art house Hamsa” – Ўзбекистонда янги ўқув-экспериментал театр очилди

Сақлаш
23:14 / 09.09.2024 790 0

Тошкент шаҳрида янги ўқув-экспериментал театр фаолияти йўлга қўйилди. “Аrt house Hamsa” дея номланган янги театр барча санъат турларини ўзида жамлаган бўлиб, унда дунё ва ўзбек драматургиясининг энг сара асарлари, фольклор намуналари янгича талқинда саҳналаштирилади. Гендер масалалари, аёлнинг оила ва жамиятдаги ўрни, уруш ва ёвузликларга қаршилик, инсон руҳиятидаги эврилишлар каби мавзулар спектаклларнинг асосий ғоясини ташкил этади.

 

Театр бадиий раҳбари режиссёр, драматург ва актёр Сайфиддин Мелиев. Томошабинлар спектаклларда Илмира Раҳимжонова, Гулхумор Абдуллаева, Феруза Саидова, Жамила Ғофурова, Хуршида Арабшоева, Юлдуз Ражабова, Дилшода Жўраева, Жўрабек Арзиев, Ўлмас Ўраев, Раҳматжон Абдуқодиров, Аслбек Эшонов, Давронбек Каунбаев, Элмурод Шодиев, Умид Холматовлар ижросидан баҳраманд бўлиш мумкин.

 

 

Шунингдек, театр қошида болалар учун “актёрлик маҳорати” курслари ташкил этилган. Машғулотларни театрнинг етакчи актрисаси Илмира Раҳимжонова олиб боради. Курсларда театр жамоаси билан амалий машғулотлар уюштирилади.

 

Таъкидланишича, театр жамоаси асосан кино актёрларидан иборат. Улар йил давомида бошқа турли лойиҳаларда суратга тушишади. “Аrt house Hamsa” мана шу тажрибаларнинг маҳсули, янги давр ижодий тендецияларига мос ижод уйи бўлиши кўзда тутилган. Шунингдек, театр жамоаси турли маданият масканларида ҳам ижодий кечалар ташкил қилиб боради. Мисол учун, “Абудқосим” мадрасасидаги “Оила” номли саҳналаштирилган мусиқий дастур, “Human House” ижод уйида ўтказилган “Биз юрган ойдин кечалар” мусиқий-адабий кеча шулар жумласидан.

 

 

Шу кунларда арт-декор йўналишидаги “Қизил олма” спектакли премъераси билан театрнинг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди. Спектакл ёзувчи Чингиз Айтматовнинг биринчи қирғиз балеринаси Бибисора Бейшеналиевага бўлган ўтли муҳаббати ҳақида бўлиб, адибнинг шу номли ҳикояси ва “Чўққида қолган овчининг оҳи-зори” асаридаги биографик чизгилар асосида яратилган. Шунингдек, спектаклда Илмира Облакулованинг “Таҳрир қилинмаган мактублар” китобидаги икки буюк ижодкорнинг ўзаро мактублари мотивларидан ҳам фойдаланилган.

 

Спектаклда ролларни Илмира Раҳимжонова, Раҳматжон Қодиржонов, Хуршида Арабшоева ва Умид Холматовлар ижро этишган. Режиссёр Сайфиддин Мелиев. Қалбларда қайта туғиладиган илк ишқ ва илк туйғу томошаси бўлган "Қизил олма" ҳақида премьерага ташриф буюрган томошабинлар турли хил фикрларни билдиришди.

 

 

Эркин Аъзам, Ўзбекистон халқ ёзувчиси: Асар ҳақида битта гапни айтиш мумкин: Шундай спектакллар қўйиладиган бўлса, бу театр биринчи (рақамли – таҳр.) театр бўлади. Манбалардан фойдаланишгани ҳақида гапиришди, лекин назаримда, спектакль ижодкорлари улардан тўғридан тўғри фойдаланмаган, таъсирланилган чоғи. Чунки спектаклга мустақил бир асар деб қарадим. Бу асар муҳаббат ҳақида, тоза, кечиккан муҳаббат ҳақида. Унда ортиқча драма ҳам йўқ аслида, ўша Одам Ато билан Момо Ҳаводан бошланган можаро. Бу ўхшаши йўқ асар, унда ифодаланган туйғу умр ниҳоясидаги сўниқ муҳаббатга ўхшайди, аммо, аслида у жуда порлоқ ишқ ҳақида ҳикоя қилади. Менга томоша бениҳоя ёқди, театр режиссёри ҳамда актёрларга катта раҳмат.

 

Дилдора Рустамова, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими: Ҳар қандай театрга ҳаёт бағишловчи, умрининг боқийлигини таъминлаб берувчилар унинг актёрлари ҳисобланади. “Art house Hamsa”да профессионал актёрлар жамланган экан, уларнинг ижросидан бугун жуда катта завқ олдим. Кичкина майдончада бутун бошли асарнинг туйғуларини томошабинлар қалбига етказиб бера олишди. Жуда катта завқ ва туйғуларни олиш мумкин асардан. Шу боис бу спектаклни бутун дунё кўриши, ҳис қилиши керак, деб ҳисоблайман.

 

 

Гулжамол Асқарова, шоира: Спектаклларда кимнидир кашф қиламиз доим, мен бугун балерина ролини ўйнаган актриса – Хуршида Арабшоевани кашф қилдим ўзимга. У образ руҳиятини деярли тўлиқ очиб беролди. Режиссёр Сайфиддин Мелиев асари орқали бугунги глобаллашётган дунёда аёлни фақат севиш, авайлаш кераклигини исботлаб беролди, дея оламан. Спектаклни кўрган ҳар қандай аёл Бибисорадек севилсайдим, деган хаёлда чиқиб кетиши керак деб ўйлайман. Ҳар қандай спектакль 100 % яхши бўлиши қийин масала. Шу боис камчиликлар актёрларнинг ўз устида ишлаши ва вақт ёрдамида бартараф қилинишига умид қиламан.

 

Севдо Ниёзова, журналист: Театр – хос санъат. У ҳеч қачон оммавий бўлолмаган. Шу маънода бугунги спектаклни ҳаммаям тушунмаслиги, қабул қилолмаслиги мумкин. Лекин битта нарсани айтаманки, муҳаббат ҳақида чиройли асар бўлган. Томошадан кейин севгинг келади, қадрлагинг келади, ёнингдаги одам ҳақида ўйлашни бошлайсан. Асар бошланишидан аввал Чингиз Айтматов асарлари асосида дейилди, лекин шунинг ўрнига ёзувчи асарларидан илҳомланиб дейилиши керак, назаримда. Чунки Айтматов асарларидаги икки қаҳрамонгагина мурожаат қилинган, шу боис илҳомланилган дейиш тўғрироқ бўлади. Спектаклда икки профессионал актрисанинг тажрибаси, истеъдоди икки йигитни етаклаб кетганини кўрдик. Шундай бўлса-да ижодкорларга омад тилайман.

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//