Ўзбекистонда оғир юк ташувчи транспортлар ҳаракатининг аниқ вақти белгиланиши мумкин

Сақлаш
15:44 / 20.10.2023 1525 0

Транспорт вазирлиги «Катта ҳажмли ва оғир вазнли транспорт воситаларининг автомобиль йўлларида ҳаракатланишини тартибга солишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ҳукумат қарори лойиҳасини жамоат муҳокамасига қўйди.

 

Ҳужжат лойиҳасида айтилишича, транспорт-логистика соҳасини ривожлантириш, транзит салоҳиятини ошириш, республикада амалга оширилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари ҳисобига амалдаги 20 тонна ва ундан ортиқ юк кўтариш қобилиятига эга автотранспорт воситалари импорти сезиларли даражада кўпайган.

 

«Катта ҳажмли ва оғир вазнли транспорт воситаларининг ҳаракатланишида вазн ва ҳажм параметрларини назорат қилиш тўлиқ тартибга солинмагани ҳамда ушбу йўналишда ягона автоматлаштирилган тизим мавжуд эмаслиги автомобиль йўллари, кўприклар ва йўл ўтказгичларнинг хизмат қилиш муддати қисқаришига ва эксплуатация ҳаражатлари ортишига олиб келмоқда», — дейилади қарор лойиҳасида.

 

Шу сабабдан Транспорт вазирлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги ҳамда Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигининг қуйидагиларни назарда тутувчи таклифи маъқулланиши мумкин:

 

— автомобиль йўлларига автоматлаштирилган ўлчов воситалари билан жиҳозланган вазн ва ҳажм параметрлари назорати бўйича стационар шохобчалар (ўлчов-назорат шохобчалари) ўрнатиш ва ундан фойдаланишга хусусий секторни жалб қилиш тизимини жорий этиш;

 

— ўлчов-назорат шохобчалари ўрнатиладиган жойларни электрон аукцион савдоларида ғолиб бўлган тадбиркорлик субъектларига узоқ муддатли ижара асосида ва бошқа тадбиркорлик субъектига ўтказиш ҳуқуқи билан бириктириш;

 

— Вазирлар Маҳкамаси қарори билан тасдиқланган «Муомалага чиқарилаётган ғилдиракли транспорт воситаларининг хавфсизлиги тўғрисида»ги умумий техник регламентда белгиланган юк кўтариш меъёрларига жавоб бермайдиган импортдан олиб келинган оғир юкларни ташувчи автотранспорт воситаларини (самосвал ва сочилувчан юкларни ташувчи ярим тиркамалар) республика ҳудудидаги ҳаракатини тартибга солиш;

 

— белгиланган юк кўтариш меъёрларига жавоб бермайдиган импорт қилинаётган ва ҳозирги кунда фаолият кўрсатаётган оғир юкларни ташувчи автотранспорт воситаларини республика ҳудудига олиб кириш ва ҳаракатланишини тақиқлаш;

 

— маҳаллий аҳамиятга эга умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари, шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктларининг кўчаларида оғир юкларни ташувчи автотранспорт воситалари ҳаракатини соат 08:00 дан 22:00 га қадар чеклаш.

 

Шундай тартиб ўрнатиладики, Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитаси:

 

— ўлчов-назорат шохобчалари ўрнатиладиган жойларини белгилайди ва мазкур жойларни электрон онлайн-аукционлар тизими бўйича ғолиб бўлган тадбиркорлик субъектларига белгиланган талаблар асосида бириктиради;

 

— тадбиркорлик субъектлари билан ҳамкорлик қилади ва улар томонидан ўрнатилган ўлчов-назорат шохобчаларини мунтазам равишда назорат қилиб боради;

 

— ўлчов-назорат шохобчалари ўрнатиладиган жойлар Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги хизмати Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати билан келишилади.

 

«Электрон онлайн-аукционларга қўйиш учун ўлчов назорат шохобчалари ўрнатиладиган жойларнинг минимал қиймати (бошланғич нархи):

 

халқаро аҳамиятдаги автомобиль йўлларида – базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баравари;

 

давлат аҳамиятдаги автомобиль йўлларида – базавий ҳисоблаш миқдорининг 40 баравари;

 

маҳаллий аҳамиятдаги автомобиль йўлларида – базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 баравари миқдорида ўрнатилади.

 

Ўлчов назорат шохобчалари орқали қайд этилган йўл ҳаракати қоидалари бузилганлиги учун ундирилган жарималар суммасидан тушган пул маблағлари дастлабки 2 йил давомида 45 фоизи – тадбиркорлик субъекти ҳисобига, 55 фоизи – Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитаси фаолиятини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш жамғармасига, ишга туширилганидан 2 йил ўтганидан сўнг 30 фоизи – тадбиркорлик субъекти ҳисобига, 70 фоизи – Жамғармага йўналтирилади», дейилади муҳокамага қўйилган лойиҳада.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//