Жамият
Олмаота шаҳрида Камол Тўқаев таваллудининг 100 йиллиги муносабати билан “Қозоқ детектив жанрининг асосчиси” мавзусида халқаро илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди. Тадбирда Ўзбекистондан Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари, шоир Минҳожиддин Мирзо ва Ўзбекистон халқ шоири Маҳмуд Тоир иштирок этди, деб хабар бермоқда Oyina.uz.
Анжуманда, шунингдек, ТУРКСОЙ бош котиби Султон Раев, Қирғизистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Нурлан Қалибеков, россиялик ёзувчи Дмитрий Шестаков каби хорижлик меҳмонлар қатнашди. Давлат раҳбарининг табригини Маданият ва ахборот вазири Аида Балаева ўқиб эшиттирди.
Қозоқ детектив насри намояндаси Камол Тўқаев (1923–1986) ижоди юзасидан олим ва ёзувчиларнинг қизиқарли маърузалари тингланди. Адиб 1923 йил 2-октабрда Олмаота вилояти Қоратол туманида туғилган. 1948 йили Қозоқ давлат университетини тамомлаган. Шундан сўнг газета таҳририятларида масъул лавозимларда ишлаган. Ўндан ортиқ китоблари қозоқ ва рус тилида нашр этилган. Унинг “Сўнгги зарба”, “Инидан безган қуш” каби романлари ҳамда ўнлаб қисса ва туркум ҳикоялари китобхонлар қалбидан жой олган.
– Ўзбек ва қозоқ халқини фақатгина бир тарих, бир илдиз, бир замин муносабатлари эмас, ана шу қардошлик заминида пайдо бўлган адабий ҳамкорлик ва ҳамжиҳатлик ҳам боғлаб туради. Шу маънода қозоқ адабиёти ўзбеклар учун, ўзбек адабиёти қозоқлар учун бегона эмас, – деди Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари, шоир Минҳожиддин Мирзо.
Ўзбекистонда нашр этилган “Туркий адабиёт дурдоналари” мажмуасининг ўн жилди қозоқ адабиёти намуналарига ажратилган. Яна алоҳида икки жилдда замонавий қозоқ шеърияти ва насри антологияси чоп этилди. Бу йил қозоқ адабиётининг атоқли намояндаларидан бири, замонавий қозоқ насрида ўз ўрнига эга бўлган, ўз даврининг нафаси ва моҳиятини ижодида теран акс эттира олган адиб Камол Тўқаев таваллудининг 100 йиллиги ҳам икки халқ учун бирдек тўй, дейиш мумкин. Адибнинг “Сирли из”, “Оқшомдаги қотиллик” қиссалари, шунингдек, қатор ҳикоялари ўзбек тилига ўгирилган.
Анжуманда Камол Тўқаевнинг ўзбек тилига таржима асарлари жамланган китоб тақдим этилди. Таъкидландики, ушбу янги нашр ёзувчи ижоди ўзбек китобхонлари учун ҳам севимли эканидан далолат бўлиб, икки қардош халқ адабий дўстлигини янги босқичга кўтариш йўлидаги бир қадамдир.
Маданият
Илм-фан
Жаҳон
Сиёсат
Сиёсат
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
//
Изоҳ йўқ