Ногиронлиги бўлган шахсларда қандай ҳуқуқлар бор? 8 та қоида

Сақлаш
17:35 / 03.10.2023 1154 0

Қонунчиликда ногиронлиги бўлган шахсларнинг қулай яшаши ва ҳаракатланиши, меҳнат қилиши учун шароитлар яратиш бўйича қоидалар мавжуд. Hudud нашри ногиронлиги бўлган шахсларда қандай ҳуқуқлар борлиги ҳақида тушунтириш берди.

1-қоида. Захирадаги иш ўринлари яратилади

Ҳар йили ҳокимликлар томонидан ногиронлиги бўлган шахслар учун қонунчиликка мувофиқ белгиланган иш ўринларининг энг кам сони ҳисобидан захирадаги иш ўринларига маҳаллий меҳнат органлари йўлланмасига кўра ишга жойлашиш кафолатланади. Ушбу имконият ногиронлиги бўлган шахсларнинг иш билан таъминланиши учун имкон беради.

2-қоида. Соғлиғи ҳолатига кўра ишда ишлаши таъминланади

Ногиронлиги бўлган шахслар меҳнатидан уларга соғлиғининг ҳолатига кўра қарши кўрсатма бўлган ишларда фойдаланиш тақиқланади.

Тиббий-ижтимоий эксперт комиссиясининг ногиронлиги бўлган шахсларнинг тўлиқсиз иш вақти режими тўғрисидаги, юкламани камайтириш ҳақидаги ва меҳнатнинг бошқа шарт-шароитлари тўғрисидаги тавсиялари иш берувчи томонидан бажарилиши мажбурийдир.

3-қоида. Локал ҳужжатлар билан меҳнат ҳуқуқларини чеклаш тақиқланади

Жамоа шартномасида ёки меҳнат шартномасида белгиланадиган меҳнат шарт-шароитлари, шу жумладан иш ҳақи, иш вақти ва дам олиш вақти режими, йиллик меҳнат таътилининг давомийлиги қонунчиликда белгиланганидан кам бўлиши ҳамда бошқа ходимларга нисбатан ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳолатини ёмонлаштириши ёки уларнинг ҳуқуқларини чеклаши мумкин эмас.

Ногиронлиги сабабли ногиронлиги бўлган шахс билан меҳнат шартномаси тузишни ёки ишда унинг юқори лавозимга кўтарилишини рад этишга, у билан тузилган меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббусига кўра бекор қилишга йўл қўйилмайди. Албатта, истисно ҳолатлар ҳам бўлиши мумкин.

4-қоида. Мажбурий тиббий кўриклардан ўтказилади

Ногиронлиги бўлган шахслар фақат дастлабки мажбурий тиббий кўрикдан ўтганидан кейин ишга қабул қилинади ва кейинчалик ҳар йили мажбурий тиббий кўрикдан ўтказиб турилиши лозим. Дастлабки мажбурий тиббий кўриклар иш берувчининг маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

5-қоида. Иш вақти қисқартирилади

I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган ходимлар учун иш вақтининг давомийлиги ҳафтасига 36 соатдан ошмайдиган қилиб белгиланади. I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган ходимлар учун кунлик ишнинг (сменанинг) давомийлиги тиббий-ижтимоий эксперт комиссиясининг тавсияларига мувофиқ белгиланади, лекин олти кунлик иш ҳафтасида — 6 соатдан, беш кунлик иш ҳафтасида — 7 соату 30 дақиқадан ортиб кетмаслиги керак.

I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган ходимларнинг меҳнатига иш вақтининг қисқартирилган давомийлигида ҳақ тўлаш тегишли касб ва лавозимлардаги ходимларга тўлиқ иш вақти давомийлигидаги миқдорда амалга оширилади.

6-қоида. Хизмат сафарига розиликсиз юбориш мумкин эмас

Ногиронлиги бўлган ходимларни хизмат сафарига юборишга, тунги ишларга, иш вақтидан ташқари ишларга ҳамда дам олиш ва ишланмайдиган байрам кунларидаги ишларга жалб қилишга фақат уларнинг розилиги билан, агар ушбу ходимлар учун бундай ишлар тиббий-ижтимоий эксперт комиссияси тавсияларида тақиқланмаган бўлса, йўл қўйилади.

7-қоида. Камида 30 календарь кун йиллик меҳнат таътили берилади

I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган ходимларга давомийлиги камида 30 календарь кундан иборат йиллик меҳнат таътили берилади ва улар бу таътильдан йилнинг ўзлари учун қулай бўлган вақтида фойдаланиши мумкин. I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган ходимни йиллик меҳнат таътилидан чақириб олишга йўл қўйилмайди.

8-қоида. 14 календарь кунгача иш ҳақи сақланмаган ҳолда таътил олиш мумкин

Иш берувчи I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган ходимнинг хоҳишига кўра унинг ёзма аризаси асосида унга иш ҳақи сақланмаган ҳолда ҳар йили давомийлиги 14 календарь кунгача бўлган таътил бериши шарт.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//