Максимал балл тўплаб, контрактга кирган талабалар Президент имтиёзи асосида грантда ўқийдиган бўлди

Сақлаш
20:18 / 21.09.2023 1877 0

“Темурбеклар мактаби” битирувчиларига ҳарбий таълим муассасаларида ўзлари тўплаган балларнинг 30 фоизи миқдоридаги, бошқа ОТМда эса 15 фоизи миқдоридаги қўшимча баллар берилади. Айнан шу тоифадаги имтиёзли абитуриентлар сабаб Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатияси университетига ўқишга топширган 6 нафар абитуриент 189 балл тўпласа ҳам, контракт асосида ўқишга қабул қилинганди.

Бош вазир матбуот котиби Бекзод Ҳидоятовнинг тасдиқлашича, бу талабалар контрактдан грантга ўтказилди.

2023/2024-ўқув йили учун тест синовларида абитуриентлар тўплаган баллари асосида ўтказилган танлов натижаларига кўра Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг “Халқаро муносабатлар” йўналиши (ўзбек гуруҳи)га тўлов-контракт асосида тавсия этилган қуйидаги абитуриентлар томонидан максимал 189 балл тўпланган:

1. Аҳатов Азиза Шуҳрат қизи;

2. Абдулвоҳидова Муҳайёхон Лутфулло қизи;

3. Хўжабеков Убайдулло Неъматович;

4. Эргашева Мухлиса Азизбек қизи;

5. Тилаволдиев Санжар Зафаржон ўғли.

“Ушбу 5 нафар иқтидорли ва максимал балл тўплаган ёшлар президент томонидан берилган имтиёз бўйича давлат гранти асосида ўқийди”, деб маълум қилган бош вазир матбуот котиби.

Шунингдек, Қабул комиссияси аъзоси, Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги раиси Мажид Каримовнинг маълум қилишича, “Темурбеклар мактаби”нинг ҳам квоталарини алоҳида қилиш устида иш олиб борилмоқда.

Мажид Каримовга кўра, шунга ўхшаш кейинги ҳолатларнинг ҳам олдини олиш учун мунтазам ишловчи тартиб ишга тушириляпти.

“Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетидан бошқа ОТМда бундай муаммо йўқ. Максимал балл тўплаб ҳам контрактга ўқишга қабул қилинганлар аслида 6 нафар эди. Қорақалпоғистонлик бир талабанинг муаммосини ҳал қилдик. Қолган 5 нафарининг муаммоси эса бугун ёки эртага ҳал бўлади”, деган у.

Эслатиб ўтамиз, мандат эълон қилингач, максимал балл тўплаб ҳам контракт асосида ўқишга кирган абитуриентлар мавзуси ва “Темурбеклар мактаби” битирувчиларига берилган имтиёз жамоатчилик эътирозларига сабаб бўлганди.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//