Денгиз чекинса ҳам, инсон чекинмайди… – “Янги Мўйноқ” китоб-альбоми тақдимоти бўлиб ўтди

Сақлаш
04:38 / 22.08.2023 1242 0

21-август, 2023-йил... Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳамда “Маърифат” тарғиботчилар жамияти ҳамкорлигида Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 32 йиллиги муносабати билан “Интернатионал Ҳотел Ташкент” меҳмонхонасида “Янги Мўйноқ” китоб-альбоми тақдимоти ўтказилди.

 

 

Тақдимотга кириб борганимизда, бизни дид билан терилган “Янги Мўйноқ” китоб-альбомлари кутиб олди. Бир қарашда ҳамманинг эътиборини тортган китобларга кўз ташлаганча муҳташам зал томон йўналдик.

 

Тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, юридик фанлар доктори, академик А.Саидов, Ўзбекистон Республикаси Президенти администрацияси масъул ходими А.Маврулов, Олий Мажлис Сенати аъзоси, Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари ва экология қўмитаси раиси Б.Алиханов, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси ўринбосари Р.Сапарбаев, Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбарининг биринчи ўринбосари Ф.Жўрақулов, Республика Маънавият ва маърифат маркази Қорқалпоғистон Республикаси бўлими раҳбари Т.Атамуродов, Қорақалпоғистон Республикаси “Нуроний” жамғармаси раиси Т.Абдужапбаров, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ шоири Кенисбой Каримов ҳамда бир гуруҳ олимлар, шоир ва ёзувчилар, оммавий ахборот воситалари ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этишди.

 

 

Маълумот ўрнида айтиш ўринлики, бу манба давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан дунёга келди ва “Маънавият” нашриёти китоб-альбом ҳолида ўқувчиларга тақдим этди. Тўрт боб ва йигирма бўлимдан иборат китоб-альбомнинг тузувчи-муаллифлари сифатида М.Ҳожиматов, М.Улуғова, М.Бўронов номларини эътироф этамиз.

 

“Кимдир бизнинг ислоҳотларимизга шубҳа қилса, Мўйноққа келиб кўрсин!” Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг мана шу фикри “Янги Мўйноқ” китоб-альбоми учун эпиграф сифатида танланган. Соҳибқирон Амир Темур Оқсарой пештоқига ёздирган “Кимки қудратимизга шубҳа қилса, биз қурган биноларга боқсин” мазмунидаги иборага уйгъунлашган бу эпиграф моҳиятини Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, юридик фанлар доктори, академик А.Саидов иккинчи ва учинчи ренессанс муаллифлари ўртасидаги рамзий умумийлик дея баҳолади. Нотиқ, шунингдек, тўрт тилдаги китоб-альбомнинг ҳам салмоғини, ҳам сифатини, ҳам “вазн”ини эътироф этди.

 

 

Орол денгизи бир пайтлар 68 минг км² ҳудудни эгаллаган эди. Бу факт ҳаммани бир сескантирди. Боиси, тақдим этилган китоб-альбомда Орол денгизининг аянчли тарзда бой берилиши, унинг атрофидаги аҳоли бирин-кетин “келажаги йўқ” ҳудудни ташлаб кетиши, денгиз ўрнида экологияга жиддий зарар етказувчи тузга ботган қумликлар пайдо бўлиши ҳикоя қилинади. Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси масъул ходими А.Маврулов асосан умидсизликка ботган қумликлар ўрнида қад кўтарган Янги Мўйноқ ҳудудига урғу берди ва барча янгиланишлар давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан амалга ошаётганини таъкидлади.

 

 

Қорақалпоғистонда ҳам бўлар экан-ку деган ибора пайдо бўлди. Китоб-альбомга бағишланган видеороликлар ва махсус электрон тақдимот сухандон Жамшид Умрзоқов тилидан таъсирчан тарзда етказилди. Бугун янгидан қад кўтарган Мўйноқ манзаралари, саксовулзорга айлантирилган қумликлар, аҳолига етказилган ичимлик суви, мўйноқликларнинг мамнун қиёфалари тадбир иштирокчиларини янада руҳлантирди.

 

 

Умуман олганда, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қорақалпоғистон Республикаси, хусусан, Мўйноққа қилган ҳар бир ташрифи ҳудуд ҳаётида янги-янги ўзгаришларга сабаб бўлди. Хусусан, Мўйноқ туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури қабул қилиниб, унда 2019–2021-йилларда жами 1 триллион 485 миллиард сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилди.

 

Амфитеатр ва давлат хизматлари маркази қурилди, маданият маркази ва стадион, тураржой бинолари, оилавий поликлиникалар, мактаблар, боғчалар, замонавий кутубхоналар, музейлар, мусиқа ва спорт мактаблари барча зарурий жиҳозлар билан таъминланиб, аҳолига хизмат қилмоқда. Улуғ аждодлар мангу қўним топган жойлар қайта таъмирланди, обод қилинди, халқнинг севимли зиёратгоҳларига айланди. Бир эътиборли далил: бугунги кунда Мўйноқ тумани кичкинтойларининг қарийб 90 фоизи боғчаларда таълим-тарбия олмоқда.

 

Урғу берилдики, мана шу ислоҳотлар сабаб – Қорақалпоғистонда ҳам “бўлар экан-ку” деган ибора пайдо бўлди.

 

 

Қўлларингни бер, Мўйноқ”. Кетма-кет сўзга чиққан мутахассислар янги китоб-альбомга турлича таъриф беришди. Китоб-альбомни варақлаб хулоса қиласизки, инсон омили билан ҳар қандай мусибатга ечим топиш мумкин – денгиз чекинса ҳам, инсон чекинмайди.

 

Китоб-альбом ҳақидаги илиқ фикрлар, Орол денгизига ҳамдардлик нутқлари ва янгиланган Мўйноқ ҳиссиётлари тўлқинида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Зулфия Мўминова “Қўлларингни бер, Мўйноқ” шеърини ўқиб берди. Шундай лирик кайфиятда ҳар бир тақдимот меҳмонига “Янги Мўйноқ” китоб-альбоми совға қилинди.

 

Тақдимотни тарк этаётганимизда тадбир иштирокчилари китоб-альбомни йўл-йўлакай варақлаб кетаётган эди. Умид қиламизки, бу манба тез орада кўп сонли ўқувчилар қўлига етиб боради ва мутолаа қилган ҳар бир инсонда “Янги Ўзбекистон”даги “Янги Мўйноқ” ҳақида ёрқин тасаввур пайдо бўлади.

 

 

Сирожиддин РУСТАМОВ,

Oyina.uz

 


Oyina.uz'ни Телеграмда кузатинг!

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//