Маданият
14 февраль куни шоҳ ва саркарда, беназир шоир, жаҳон илм-фани ҳамда маданияти ривожига муносиб ҳисса қўшган Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг 540 йиллик таваллуд кунига бағишланган тадбир Андижон шаҳридаги Бобур майдонидан бошланди.
Дастлаб Андижон вилоят, туман ва шаҳар ҳокимликлари, корхона ва ташкилотлар вакиллари, шунингдек, Ҳиндистон, Афғонистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Америкадан келган бобуршунос олимлар, кенг жамоатчилик вакиллари ҳамда талаба-ёшлар буюк бобомизга ҳурмат ифодаси сифатида унинг ҳайкали пойига гулдасталар қўйдилар.
Тадбирда сўз олган Республика маънавият ва маърифат маркази раҳбари Минҳожиддин Мирзо буюк аждодимиз Заҳириддин Муҳаммад Бобур қолдирган адабий-илмий мероснинг қадр-қиммати, жаҳон адабиётининг нодир хазиналари сифатида асрлар давомида эъзозлаб келинаётгани ҳақида атрофлича фикр-мулоҳазалар билдирди.
Шундан сўнг «Заҳириддин Муҳаммад Бобур ижодий меросининг башарият маънавий-маърифий тараққиётидаги ўрни» мавзусида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.
Бадиий насрнинг бетакрор намунаси саналадиган «Бобурнома» тарихий-мемуар асари жаҳоннинг 70 дан ортиқ мамлакати музейларидан жой олгани, бу шоҳ асарнинг 30 дан ортиқ тилга таржима қилинганлиги эътироф этилди. Шоирнинг дилбар ғазаллари, пурмаъно рубоий ва маснавийлари, бутун дунёга маълуму машҳур «Бобурнома»си, мусиқа илмига доир дурдона асарлари унинг нақадар серқирра ижодкор бўлганлигидан дарак беради.
Тадбир давомида меҳмонлар ҳамда Бобур издошлари томонидан унинг қаламига мансуб ғазал, мухаммаслар ўқилди.
«Заҳириддин Муҳаммад Бобур ижодий меросининг башарият маънавий-маърифий тараққиётидаги ўрни» мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференция якунида Бобур номли халқаро жамоат фонди томонидан чоп этилаётган «Заҳириддин Муҳаммад Бобур. Бобурийлар» энциклопедик илмий ва оммабоп материаллар тўплами китобларининг тақдимоти бўлиб ўтди.
Сиёсат
Жаҳон
Илм-фан
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
//
Изоҳ йўқ