Шавкат Мирзиёев 2023 йил Самарқандда «Авлодлар мулоқоти» учрашуви ўтказишни таклиф этди

Сақлаш
17:10 / 13.10.2022 961 0

Шавкат Мирзиёев Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари кенгаши саммитидаги нутқида мамлакатлар радикал ғояларнинг кенг хуружига янада кўпроқ тўқнаш келаётганига эътибор қаратди.

 

«Бузғунчи кучлар тарғибот ва мафкуравий таъсирнинг янги услубларидан фойдаланган ҳолда экстремистик ташкилотларга ёшларни фаол жалб этмоқда.

 

Шу муносабат билан ёш авлодни радикализмдан асраш, уларнинг куч-ғайрат ва шижоатини бунёдкорлик сари йўналтириш учун тизимли ҳамкорликни ўрнатишимиз керак.
 

Ўғил-қизларимиз ўз кучига ишониши, адолатли келажакни қарор топтиришда ўз иштирокини ҳис этиши, ўз салоҳият ва умидларини амалда рўёбга чиқариш имкониятларига эга бўлиши лозим.
 

Мажлисимизнинг Ёшлар кенгаши ҳамраиси сифатида турли ёшдаги инсонлар ўртасида бир-бирини яхшироқ тушунишга даъват этадиган, фарзандларимизнинг энг долзарб муаммоларига биргаликда ечим излашга кўмаклашувчи янги форматни – Авлодлар мулоқотини йўлга қўйишни таклиф этамиз.
 

Ёш етакчилар Форуми доирасида бундай илк учрашувни 2023 йил апрель ойида Самарқандда ўтказишга тайёрмиз».
 

Шунингдек, Президент ўз нутқида қитъамизнинг кўплаб давлатлари истеъмол маҳсулотларининг асосий импорт қилувчилари ҳисобланади ва озиқ-овқат хавфсизлигининг оқибатларини жуда ўткир ҳис қилаётганини билдирди.

 

«Бутунжаҳон озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти ҳисоб-китобларига кўра, очликдан азият чекаётган сайёрамиз аҳолисининг ярмидан кўпи Осиё қитъасида яшамоқда.
 

Парадокс шундан иборатки, бир вақтнинг ўзида айнан бизнинг мамлакатларимиз жаҳоннинг етакчи озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи давлатлари ҳисобланади», деди Президентимиз ва бу борада янги ёндашувлар:
 

- озиқ-овқат ишлаб чиқаришнинг барқарор тизимларини ва уни етказиб беришнинг оптимал занжирини шакллантириш;

 

- ички минтақавий савдо ўсиши учун техник регламентларни уйғунлаштириш;

 

- Осиёда озиқ-овқат хавфсизлигини мониторинг қилиш яхлит тизимини яратишни таклиф қилди.

 

Ушбу барча масалаларни ФАО шафелигида келгуси йили Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган халқаро конференцияда муҳокама қилиш таклиф этилди.

 

Шунингдек, давлатимиз раҳбари экология ва иқлим ўзгариши муаммоларини ҳал қилиш учун саъй-ҳаракатларни бирлаштиришни ҳамда мамлакатларимизни жадал кўкламзорлаштириш ва экотизимлар боғлиқлигини қўллаб-қувватлаш масалалари бўйича «Яшил Осиё» концептуал дастурлари доирасида доимий эксперт маслаҳатлашувларини йўлга қўйишни таклиф қилди.

 

Президент сўзининг якунида замонавий таҳдидларни фақат мулоқот, бир-бирининг манфаатларини ҳисобга олиш, умум эътироф этилган халқаро ҳуқуқ меъёрларига амал қилиш орқали самарали енгиб ўтиш мумкинлигига ишонч билдирди.

 

«Айнан шунинг учун ҳам биз илгари сурган умумий хавфсизлик ва фаровонлик йўлида ҳамжиҳатлик борасидаги Самарқанд ташаббусининг асосий мақсади инсоният келажаги учун бефарқ бўлмаган, тинчлик, тотувлик ва биргаликда гуллаб-яшнаш учун интилаётган барча соғлом кучларни амалий мулоқотга жалб этишга қаратилгандир.

 

Биз Қозоғистоннинг Кенгашга 2024 йилга қадар раисликни давом эттириш ниятини қўллаб-қувватлаймиз ва қозоғистонлик дўстларимизга омадлар тилаймиз.

 

Ишончим комил, шериклик ва ишончни мустаҳкамлаган ҳолда умумий интилишларимиз билан биз эзгу мақсадларга – мамлакатларимиз тинчлиги, барқарорлиги ва равнақини таъминлашга эришамиз», деди Шавкат Мирзиёев.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//