Шавкат Мирзиёев Баҳодир Жалолов спорт маҳорати мактабини бориб кўрди

Сақлаш
16:03 / 05.03.2024 2183 0

«Президент 5 март куни Тошкент шаҳрида барпо этилган Бокс бўйича Баҳодир Жалолов спорт маҳорати мактабини бориб кўрди», – дейилади хабарда.

 

Мазкур спорт маҳорат мактаби давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 14 мартдаги қарорига мувофиқ ташкил этилган.

 

 

 

Бу ерда халқаро даражадаги боксчиларни тайёрлаш, бунинг учун юқори малакали мураббий ва мутахассисларни жалб этиш, ўқув-машғулотларини халқаро стандартлар даражасида ташкил қилиш ҳамда илғор тажрибалар асосида унинг сифатини ошириб бориш йўлга қўйилмоқда.

 

Тўрт қаватли замонавий бинода бунинг учун барча шароит яратилган. Биринчи қаватда асосий спорт зали, сузиш ҳавзаси, тиббиёт хонаси ва ошхона бор. Иккинчи қаватда психология, хорижий тиллар, назарий машғулотлар, информатика ва ўқитувчилар хоналари, шунингдек, 45 ўринли меҳмонхона жойлашган. Учинчи ва тўртинчи қаватларда 235 ўринли ётоқхона, маънавият хонаси ташкил этилган. Шунингдек, бино ертўласида автотураргоҳ қурилган.

 

Бокс мактаби 175 ўринга мўлжалланган бўлиб, 5-11-синфлар учун ҳар йили 25 нафардан ўқувчи саралаб олинади.

 

 

 

Илк иқтидорлар 2022 йилги ўқув йилида қабул қилинган ва бугунги кунда 50 нафар ўқувчи сабоқ олмоқда. Улар бутун мамлакатимиздан келган талабгорлар орасидан саралаб олинган.

 

Бу маскан Юнусобод туманидаги 259-умумтаълим мактаби билан ёнма-ён жойлашган. Ёш боксчилар умумтаълим фанларини шу ерда ўқишади.

 

Шавкат Мирзиёев Баҳодир Жалолов мактаби ўз йўналишида худди Президент мактабидек намунавий тизим бўлишини, бокс методологияси, диeтологияси, тиббиёти, психологияси ҳудудлардаги спорт мактабларида ҳам ривожлантирилишини таъкидлаган.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси