Ўзбекистонда ёшлар кўпроқ қайси касб эгаси бўлмоқчилиги аниқланди

Сақлаш
12:04 / 06.04.2023 937 0

Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти (МҲТИ) мутахассислари фарзандлар тарбияси ва уларнинг касб танлашида ота-оналарнинг роли, шунингдек, бунинг беташвиш кексалик гаштини суришдаги аҳамиятини аниқлашга қаратилган тадқиқот ўтказди. Тадқиқот доирасида 10 ёшдан 22 ёшгача бўлган болаларнинг ота-оналари иштирокида сўров ҳам ўтказилган.

 

Сўровда 2100 киши иштирок этган бўлиб, респондентларнинг 72 фоизини аёллар, 28 фоизини эса эркаклар ташкил этган. Таълим даражаси бўйича уларнинг 4,6 фоизи илмий даражага, 36,1 фоизи олий маълумотга, 21,2 фоизи ўрта, 38,2 фоизи ўрта махсус маълумотга эга.

 

Сўров натижаларига кўра, респондентларнинг 28,7 фоизи кекса ота-онаси билан яшаши маълум бўлди. Фарзандларингиз тарбиясига ким кўпроқ таъсир қилади, деган саволга ота-оналарнинг 41,6 фоизи она, 27,4 фоизи ота, 9,3 фоизи бобо ва бувилар, 8,1 фоизи ака-опалар, 7,3 фоизи ўқитувчилар, 3,7 фоизи бегоналар ва 2,5 фоизи бошқа қариндошлар, деб жавоб берган.

 

Сўровда иштирок этганларнинг аксарияти (80,2 фоиз) фарзандларини маълум касб бўйича етук мутахассис бўлиб, элга таниладиган инсон сифатида кўриши маълум бўлди. Моддий таъминланганлик ва мулк эгаси бўлиши иккинчи орзу бўлиб қолмоқда (7,9 фоиз). Ушбу саволнинг жавоблари ота-оналарнинг миллати ва маълумот даражаси, фарзанднинг жинси бўйича фарқ қилмайди.

 

Аксарият ота-оналар (95,8 фоиз) фарзандлари келажаги борасида ўзаро маслаҳатлашган. 88,3 фоиз ҳолатда уларнинг фикри бир жойдан чиққан бўлса, 7,2 фоиз ҳолатда фикрлар кескин фарқланган.

 

Сўровнома жавоблари шуни кўрсатдики, ота-оналар фарзандлари келажагини режалаштиришда болаларнинг фикрига ҳам эътибор бермоқда. Ота-оналарнинг 97,9 фоизи ўз фарзандлари билан ушбу мавзуда суҳбатлашган бўлиб, 86,3 фоизи фарзандларининг танловини маъқуллаган, 11,1 фоизи қисман маъқуллаган, 1,3 фоизи эса қониқмаган.

 

Сўровнома жавобларига биноан, ёшларда тиббиёт йўналишидаги касбларга (15,5 фоиз) қизиқиш катталиги аниқланди. Кейинги ўринларни ўқитувчи (9,7 фоиз), IT мутахассислиги (9,3 фоиз), иқтисодчи (соҳалар бўйича) (8,2 фоиз), тадбиркор (7,7 фоиз) каби касблар эгаллади. Респондентларнинг 2,5 фоизи фарзандлари келажакдаги касби ҳақида ҳали қарорга келмаганини таъкидлаган. Қизлар кутилганидек кўпроқ шифокор (16,3 фоиз) ва ўқитувчи (13,8 фоиз) касбларини танлаган бўлса, ўғил болалар биринчи ўринда IT мутахассислиги (18,7 фоиз), кейин эса шифокор (13,7 фоиз), иқтисодчи (13,2 фоиз) ва тадбиркор (11,2 фоиз) касбларини афзал кўрган.

 

Фарзандининг касб тўғрисидаги қарори қандай бўлмасин, ота-оналарнинг 81,6 фоизи бу қарорни бажонидил қабул қилишини, 12,7 фоизи эса ушбу қарорни ўзгартириш кераклигини илтимос қилишини айтган.

 

Ота-оналарнинг 55,7 фоизи фарзандларига нисбатан талабчанлик қилиш, керак бўлганда ёрдам кўрсатиш, 36,2 фоизи назорат қилиш орқали тарбия бериш лозимлигини, 6,4 фоизи эса фарзандларига эркинлик бериш кераклигини қайд этган.

 

Сўровда қатнашган ота-оналарнинг 20 фоиздан ортиғи фарзандларининг ўқитувчилари билан бир ойда бир марта мулоқот қилишини, 16,4 фоизи эса умуман мулоқот қилмаслигини билдирган.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси